Ўзбекистон | 21:20 / 20.05.2026
8277
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 27 май – Қурбон ҳайити байрами сифатида нишонланади

«Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Қарорда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, 27 май Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланиши белгиланган.

Қарорда айтилишича, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни ҳисобланади.

Шунингдек, президентининг 2025 йил 24 декабрдаги «2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармони билан қуйидагилар қўшимча дам олиш куни сифатида белгиланган:

- иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2026 йилнинг 28 май – пайшанба, 29 май – жума кунлари;

- олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 30 май – шанба куни.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилди.

Демак:
- 25 май, душанба — иш куни;
- 26 май, сешанба — иш куни;
- 27 май, чоршанба – Қурбон ҳайити, дам олиш куни;
- 28 май, пайшанба – барча учун қўшимча дам олиш куни;
- 29 май, жума – барча учун қўшимча дам олиш куни;
- 30 май, шанба – ҳафтада 6 кун ишлайдиганлар учун қўшимча дам олиш куни;
- 31 май, якшанба – барча учун одатдаги дам олиш куни;
- 1 июнь, душанба — иш куни.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид