Бугун Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади
13 октябрдан буён Австралияда ўқув машғулотларини олиб бораётган Ўзбекистон терма жамоаси бугун йиғин доирасидаги асосий ўртоқлик учрашувида Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади.
Бугунги рақиблар ўтган ҳафта Австралиядаги йиғини давомида биттадан ўйин ўтказиб бўлишди. Эктор Купер жамоаси 15 ноябрь куни Ливан билан голсиз дуранг ўйнади, корейслар эса мезбон мамлакат терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинининг сўнгги сонияларида гол ўтказиб юбориб, ғалабани бой берди – 1:1.
Жанубий Корея Ўзбекистон терма жамоасининг энг асосий ва энг ноқулай рақибларидан бири саналади. Жамоалар ўзаро 15 марта ўйин ўтказган бўлиб, уларнинг 10 тасида корейсларнинг қўли баланд келган, яна 4 учрашувда муросага келинган. Ўзбекистоннинг ягона ғалабаси 1994 йилга бориб тақалади. Ўшанда томонлар Хиросимадаги Осиё ўйинлари ярим финалида илк маротаба тўқнаш келган, ўйин 1:0 ҳисобида ўзбекистонликлар фойдасига якун топганди.
Жамоаларнинг охирги ўйинлари ЖЧ-2018 саралаши доирасида кечган: Сеулдаги ўйин 2:1 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан тугаган, Тошкентдаги жавоб ўйинида ҳисоб очилмаган эди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидаги ўша баҳсдан сўнг Самвел Бабаян жамоаси мундиал учун курашдан чиққан.
2011 ва 2015 йилги Осиё кубокларида Ўзбекистон сўнгги ўйинини Жанубий Кореяга қарши ўтказганини қайд этиш керак. Қатардаги чемпионатнинг учинчи ўрни учун кечган баҳсида Корея 3:2 ҳисобида устун келган; Австралияда ўтган қитъа биринчилигининг нимчорак финалидаги ўйин қўшимча бўлимларда ҳам давом этган, якунда Ўзбекистон 0:2 ҳисобида енгилган.
Жамоаларнинг сўнгги 3та ўйинидан 2тасида куч тенг келган. Умумий тўплар нисбати 14-30, корейслар фойдасига.
Ўн олтинчи учрашув бугун, Брисбендаги «Queensland Sport and Athletics Centre» стадионида, Тошкент вақти билан 15:00да (маҳаллий вақт билан 20:00) бошланади.
Ўйинни австралиялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради: Крис Бит бош ҳакам сифатида ишласа, унга қанотларда Эшли Бичем ва Антон Шетинин ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам – Питер Грин. Шунингдек, учрашувда VAR технологиясидан ҳам фойдаланилади. Тизимни қўллаш бўйича ҳакам Жарред Гиллетга ҳамюрти Ричард Наумовски ассистентлик қилади.
Ўртоқлик баҳси «Спорт» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилиши мумкин, трансляция масаласи ўйинга бир соат қолганида маълум бўлади.
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024