Ижарада турадиган 1-курс талабаларига 2 ойлик ижара компенсацияси шартномасиз тўлаб берилади
Бошқа ҳудуддан келиб, ётоқхонага жойлашмаган 1-курс талабаларига сентябр ва октябр ойлари учун истисно тариқасида ижара шартномаси бор-йўқлигидан қатъи назар компенсация тўланадиган бўлди. Ноябрдан бошлаб эса, фақат ижара шартнома бор талабаларга компенсация берилади.
Ўзбекистон ҳукумати биринчи босқич талабалари учун ижара ҳақи тўлаш масаласида бир марталик акция эълон қилди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев хабар бермоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг баёнига биноан, талабалар сафига қабул қилинган ва талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган узоқ ҳудудлардан келган биринчи курс талабаларига, истисно тариқасида, ОТМларга ажратилган маблағлар доирасида сентябр ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ижара компенсацияси тўлаб берилади.
Ижара шартномасини тақдим этган талабаларга ноябр ойидан тўловлар давом эттирилади.
Бунда, ОТМлар томонидан биринчи курсда таҳсил олаётган, ижарада яшаётган талабалар рўйхатини шакллантириш ҳамда ижара компенсация тўловларини амалга ошириш юзасидан ректор (директор) буйруғи расмийлаштирилиб, тегишли маблағлар тўланиши белгиланди.
Бу нима дегани?
Маълумки, ўтган йилдан бошлаб талабалар турар жойида жой йўқлиги учун ижарада туришга мажбур бўлган талабаларга ижара компенсацияси тўлаш тартиби йўлга қўйилди. Бунинг учун талаба ижара шартномасини ўзи ўқиётган ОТМга топшириши керак эди.
Бу тартиб ҳозир ҳам кучида. Яъни қайсидир талаба ижарада турган бўлса, у нечанчи курсда ўқиётганидан қатъи назар, ижара компенсацияси олишга ҳаққи бор.
Энди, янги тартибга кўра, 1-курслар учун истисно белгиланди. Яъни ётоқхонага жойлаша олмаган 1-курс талабалари “Мен ижарада турдим” деб айтса кифоя. Уларга сентябр ва октябр ойлари учун ижара компенсацияси ҳеч қандай ижара шартнома талаб этилмасдан тўлаб берилади. Агар улар яна компенсация олмоқчи бўлса, унда ноябрь ойидан бошлаб ижара шартнома кўрсатиши керак бўлади. Бу истисно фақат 1-курсларга берилди. Катта курслар сентябр ва октябр ойлари учун ҳам ижара шартнома тақдим этсагина, компенсация олишади.
Ижара компенсациянинг миқдори қанча?
Ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онасига (қонуний вакилларига) тегишли бўлмаган уйда ижарада яшайдиган талабаларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Ҳар ойлик ижара пулининг 50 фоизи (Тошкент шаҳрида 300 минг сўмгача, қолган ҳудудларда эса 150 минг сўмгача) давлат ОТМларининг кундузги таълим шаклида, давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган ва ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларга қоплаб берилади.
Демак, ётоқхонага жойлашмаган 1-курс талабалари сентябр ва октябр, яъни 2 ойга Тошкент шаҳри учун жами 600 минг сўм, ҳудудлар учун 300 минг сўмгача компенсация пули олишлари мумкин. Бунинг учун талабалар ўзлари ўқиб турган ОТМга мурожаат қилишлари лозим.
Мавзуга оид
10:27
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
20:28 / 01.11.2024