Ўзбекистон | 17:01 / 21.11.2022
11518
7 дақиқада ўқилади

Жавобсиз саволлар уюлиб кетди. Бош прокуратурага очиқлик талаблари эслатилиши керак

Kun.uz'нинг прокуратура органлари, хусусан бош прокурорнинг матбуот котибига йўллаган ўнлаб сўровлари жавобсиз қолдирилмоқда. Тошкент шаҳар прокуратурасининг ахборот хизматига масъул ходими эса ОАВ билан ишлаш мажбуриятини унутиб қўйгандек.

Фото: Бош прокуратура

Охирги йилларда давлат ташкилотлари ахборот сиёсатида очиқлик сари қадам қўйиб, жамоатчилик билан мулоқотга кириша бошлагани – ҳақиқат. Шунга яраша улардаги ахборот хизматларига ҳам анча-мунча шароитлар қилиб берилди, мақоми раҳбар ўринбосарига тенглаштирилди.

Ҳозирги ахборот асрида жамоатчиликда расмийларга нисбатан ҳар куни саволлар пайдо бўлади. Касб мажбурияти ОАВ вакиллари ва жамоатчилик саволларига жавоб бериш бўлган ахборот хизматлари олдида одатда икки хил танлов бўлади.

Биринчиси, мулоқотга киришиб, кўтарилган (сўралган) масала юзасидан асосли тушунтириш, ечим ёки изоҳ берилади. Иккинчиси эса шунчаки “игнор” қилиш, ўзини гўёки ҳеч нарсадан хабари йўқдай тутиш. Бундай ҳолат бора-бора жамоатчилик билан алоқаларда инқирозга олиб келади. Расмий ва аниқ маълумот йўқ жойда турли шубҳа-гумонлар пайдо бўлади. Муносабат берилмасдан, сирлигича қолдирилмоқчи бўлган воқеа унга бўлган қизиқишни янада ошираверади.

Ана шундай давлат ташкилоти ахборот хизматларидан бири Бош прокуратурага тегишлидир.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов сўнгги вақтларда Kun.uz'нинг турли жиноятларга доир сўровларига танлаб-танлаб жавоб беряпти. Айниқса, ҳокимият вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки суд ходимлари устидан очилган кўплаб жиноят ишларининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Бу борадаги сўровлар эса жавобсиз қолдириляпти.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов

Охирги ойларда мисолларга ўтсак. Гарчи Ҳаёт Шамсуддиновдан сўралган бўлса-да:

  • 2022 йил октябрда ойида Тошкентда 3 нафар собиқ судьялар жиноят иши доирасида қамоққа олингани;
  • 2022 йил август ойида Тошкент шаҳар Чилонзор туманида йўлни кенгайтириш ишлари сабаб кўп йиллик дарахтларига зиён етказилгани юзасидан очилган жиноят иши натижаси ҳақида (қонун талаби бўйича дастлабки тергов муддати 3 ой ва бу муддат амалда ўтиб бўлган);
  • 2021 йил декабрь ойида собиқ Олмазор тумани прокурори, Бош прокуратуранинг собиқ бошқарма бошлиғи, собиқ махсус прокурор А.Т. кўп миқдордаги пора олишда гумонланиб қўлга олинганига доир хабарларга;
  • 2022 йил август ойида Tashkent City объектларининг қурилиши учун имтиёзли нархларда ажратилган металл прокатининг бир қисми ноқонуний равишда учинчи шахсларга нақд пулга сотилгани ҳақидаги хабарга;
  • Юнусобод тумани Амир Темур 1-уйнинг ёнидаги 1,5 сотих ер майдонидаги дарахтларнинг пастки қисмлари номаълум шахслар томонидан кесилиб, жами 10 дона элдор қарағайи дарахтларига шикаст етказилганига оид жиноят иши якуни бўйича;
  • 2021 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида юзлаб реклама баннерлари ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатилмасдан бузиб юборилгани бўйича саволларимиз жавобсиз қолди.
  • 2021 йил охирларида президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда жиноятчилик ҳолатлари ошгани, жиноятчилар орасида “солиқчилар” пайдо бўлгани ҳақида гапириб, пойтахт бош прокурорини ҳам танқид қилган эди. Президент тилга олган жиноятчилар кимлиги ва уларга қарши олиб борилган чоралар ҳақида эса маълумот берилмади.

Бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Бош прокуратурадан маълумот олиш қийинлашиб кетгани ҳақидаги эътирозимизга жавобан, Ҳаёт Шамсуддинов бу ҳолатни “иши кўпайиб кетган”и билан изоҳлади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керак, бу лавозимда 2019 йили иш бошлаган Шамсуддинов фаолиятининг дастлабки даврида ҳозиргидан кўра ОАВга анча очиқ эди. Кўплаб ҳолатларда сўровларимизга жавобан тезкор маълумот тақдим этиб бораётганди. Бу – АОКАнинг ўша вақтдаги раҳбарлари давлат органларининг ахборот хизматларига қатъий талаблар қўя олгани билан боғлиқдир, эҳтимол.

Прокуратура тизимида ёпиқлик сиёсатига хайрихоҳ бошқа ахборот хизмати вакиллари ҳам борки, уларни алоҳида эслаб ўтмай бўлмайди. Тошкент шаҳар прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Хуршида Раҳмонова ҳам журналистнинг сўровларига беписанд эканини яшириб ўтирмайди. Унга юборилган сўровларни одатда кўрмаганликка олади ёки кейинроқ жавоб беришини айтиб, шунчаки “унутиб” юборади.

Президентнинг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида ОАВга тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб боришдавлат органлари ахборот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизматларининг асосий вазифаси деб белгиланган.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 35-1-моддасига кўра, ОАВ вакиллари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

ОАВ вакилларининг сўрови кўпи билан 7 кун муддатда кўриб чиқилиб, жавоб берилиши ёки рад қилинса ҳам, бу ҳақда асослантирилган жавоб юборилиши керак.

Бош прокуратурадан маълумот олиш қийинлашиб кетганига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эътибор қаратиши зарур.

Қолаверса, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳам бу борада мажбуриятлари борлигини эслатиб ўтамиз. Президент фармонига кўра, агентлик очиқликни таъминлаш соҳасини доимий мониторинг қилиши керак; давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан ОАВ орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга кўмаклашиши лозим.

Аксилкоррупцион органга бу мажбуриятлар бекорга юклатилмаган. Чунки одатда давлат органлари ўз тузилмаларидаги жиноятлар ҳақида халқни хабардор қилишдан манфаатдор эмас. Бош прокуратура очиқламаётган маълумотларнинг кўпи айнан ҳуқуқ тизимидаги камчиликларга тааллуқли.

Бу каби вазиятларга АОКА ва Аксилкоррупция агентлигининг биргаликдаги реакцияси талаб этилади. Реакциянинг бўлмаслиги эса ўзи шундоқ ҳам кўпайиб бораётган бу каби ҳолатлар яна ҳам авж олишига, ОАВ сўровларига бефарқлик кенгроқ тарқалишига замин яратади.

Мамлакат ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи бош прокурор бошчилигидаги қонун ҳимоячилари жамоаси ахборот сиёсатида ҳам бошқаларга ўрнак бўлишига умид қилиб қоламиз.

Мавзуга оид