Жамият | 08:44 / 23.02.2026
15389
1 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда ҳибсхонада сақланган фуқаро вафот этди, ИИВ расмий изоҳ берди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида тергов ҳибсхонасида сақланаётган 35 ёшли фуқаро вафот этди. Расмий маълумотга кўра, у соғлиғи ёмонлашгани сабабли шифохонага олиб борилаётганда ҳаётдан кўз юмган.

Фото: Kun.uz 

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 21 феврал куни соат 17:35 атрофида Каттақўрғон туманидаги 7-сонли тергов ҳибсхонасида содир бўлган. Қайд этилишича, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Қ. прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28-, 211-моддалари 1-қисми билан айбланиб қамоққа олинган бўлган.

Унинг аҳволи кескин ёмонлашгани сабабли тиббиёт муассасасига олиб бориш вақтида, соат 18:00 ларда вафот этган. Бирламчи суд-тиббий хулосага кўра, ўлим сабаби “2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари” деб кўрсатилган ва танасида жароҳат излари аниқланмаган.

Шунингдек, вазирлик маълумотида таъкидланишича, 18 феврал куни айбланувчи касаллиги сабабли шифохонага олиб чиқилган, қариндошларига хабар берилган ва у ерда учрашув ташкил этилган. Шифокорлар хулосасига кўра аҳволи қониқарли деб топилгач, 20 феврал куни ҳибсхонага қайтарилган.

Ҳозирда ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид