Ўзбекистон | 19:00 / 20.06.2023
7986
2 дақиқада ўқилади

ОКМК иккита халқаро сертификатга эга бўлди

Фото: ОКМК Ахборот хизмати

Жорий йилнинг 19 июнь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати «Cert International» халқаро сертификатлаш ташкилоти томонидан тақдим этилган иккита сертификатни қўлга киритди. 

Биринчиси халқаро стандарт - ISO 14001:2015 экологик менежмент тизимига, иккинчи сертификат Соғлиқни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнатни таъминлаш менежмент тизими - ISO 45001:2018 халқаро стандартига берилди.

Сертификатларни халқаро сертификатлаш агентлиги «Cert International» МЧЖ директори Марат Хабибулин ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсановга топширди.

Муқаддам, ОКМКда ҳар икки йўналишда «Cert International» халқаро сертификатлаш ташкилотининг аудиторлари томонидан халқаро стандартга мувофиқлиги юзасидан халқаро сертификатлаш аудити ўтказилди ва аудит якунлари бўйича халқаро сертификатлар тақдим этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Эътиборлиси, ушбу сертификатларга комбинатда экологик менежмент тизими халқаро стандарт талабларини ҳамда Соғлиқни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнатни таъминлаш менежмент тизимини жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилиши натижасида эришилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатмаган ҳолда мавжуд ускуналарни реконструкция ва модернизация қилиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини деярли икки бараварга ошириш, йиллик белгиланган режаларни ортиғи билан бажариш, шу билан бирга экологик хавфсизлик чораларини кўриш бош мақсад саналади.

Асосийси, мазкур ISO 14001:2015 ҳамда ISO 45001:2018 халқаро стандартига сертификатлари комбинат фаолиятида энг аввало инсон омили, унинг соғлиги, хавфсизлиги, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида масъулиятни ҳис этишини кўрсатади. Шунингдек, бу халқаро сертификатлар комбинатда бошқарув тизимлари тўғри ташкил этилгани ва корхонанинг барқарор фаолият юритишини билдиради.

ОКМК ахборот хизмати

Мавзуга оид