Жаҳон | 20:58 / 26.05.2026
3573
6 дақиқада ўқилади

Африкадагилар Эбола безгаги тарқалишини жиловлай олмаяпти

Касалланиш ҳолатлари мингга яқинлашган, қурбонлар сони 200 дан ошган. Вакцина ёки тузатадиган дорилар йўқ. Глобал эпидемиядан хавотирланиш керакми?

Daniel Buuma / Getty Images

Эбола вируси келтириб чиқарган касаллик Конго Демократик Республикасида тарқалиши давом этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесуснинг маълум қилишича, мамлакатда Бундибуджио эболавирусига чалиниш ҳолатлари 900 дан ошган, шундан 220 та ҳолатда ўлим қайд этилган. Ва тиббиёт ходимлари вирус юқиши мумкин бўлганларнинг атиги 20 фоизини (1745 контакт) кузата олмоқда. Қўшни мамлакатлар билан чегаралар ёпилган ёки қаттиқ назорат қилинмоқда, аммо касаллик тарқалишини секинлаштиришнинг имкони бўлмаяпти. Конго ДР ичкарисида бу тартибсизликларга олиб келмоқда: инфекцияга чалинишда гумонланувчиларни жойлаштиришга мўлжалланган марказдан камида 18 киши қочиб кетган ва улар ҳамон топилмаган. Қуролланган исёнчи гуруҳлар фаолияти, ичкарида кўпчилик у жойдан бу жойга кўчиб юриши, ҳокимият лаёқатсизлиги ҳамда халқаро ёрдам қисқаргани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Ҳозирча эпидемияни назоратга олишнинг иложи бўлмаяпти – уни жуда кеч аниқлашди

ЖССТ 2026 йил май ойи ўрталарида расман халқаро аҳамиятга эга фавқулодда вазият эълон қилди, бироқ эпидемия амалда бир неча ҳафта олдин бошланган ва пайқалмай қолган эди. Мутахассислар фикрича, вирус аниқланишидан олдин минтақада бир неча ой давомида айланиб юрган бўлиши мумкин. The New York Times нашри таъкидлашича, Эбола инфекцияси тарқалиши эълон қилинганидан атиги 10 кун ўтиб, у кузатувлар тарихидаги учинчи энг катта эпидемияга айланди.

Бу сафар эпидемияни назорат қилиш вируснинг тури туфайли ҳам қийин. Тасдиқланган дори-дармонлар ва вакциналар йўқлиги шунга олиб келдики, тиббиёт ходимлари вазиятга фақат беморларни иҳоталаш, уларнинг контактларини кузатиш ва қўллаб-қувватловчи терапия ёрдамида таъсир кўрсатиши мумкин.

Шифокорлар ва дори-дармон етишмаяпти. Бунга минтақадаги ички вазият ва Трампнинг сиёсати таъсир кўрсатмоқда

Гуманитар ташкилотлар минтақа энг қалтис паллада ресурссиз қолганини очиқчасига таъкидламоқда. Қуролли гуруҳлар билан тўқнаш келиш хавфи шифокорлар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади. «Итури провинциясида давом этаётган можаро кузатув гуруҳлари ҳаракатланишини, тезкор реакция кўрсатиш гуруҳларни жойлаштиришни ва лаборатория намуналари транспортировкасини чекламоқда», – дейилади ЖССТ ҳисоботида.

Муаммонинг бошқа томони – АҚШнинг гуманитар ташаббуслар соҳасидаги сиёсати; Доналд Трамп маъмурияти ЖССТни молиялаштиришни тўхтатган, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигини (USAID) тарқатиб юборган, бевосита Конго Демократик Республикасига тақдим этиладиган тиббий ёрдамнинг умумий ҳажмини қисқартиришда давом этмоқда. 

Эпидемияни жиловлашга ихтисослашган марказларга уч марта ҳужум қилинди

Маҳаллий аҳолининг касаллик тарқалишига қарши курашга бўлган муносабати ёрдам кўрсатиш марказлари фаолиятини бузмоқда. Associated Press хабарига кўра, ўтган ҳафтада бундай марказларга жами уч марта ҳужум қайд этилган.

Биринчиси 21 май куни Рвампара шаҳрида рўй берган, бу ерда инфекциядан вафот этган беморлардан бирининг жасади оиласига топширилмагач, маҳаллий шифохона ёқиб юборилган. 23 май куни Монгбвалу шаҳрида касалланганлар иҳоталанган ҳолда сақланаётган тиббий чодирларга ўт қўйилган. Натижада инфекция ривожлангани тахмин қилинган 18 киши қочиб кетган ва уларни ҳозиргача топа олишмаган. Шифохонага яна бир ҳужум худди шу шаҳарда 24 май куни кузатилган – бу ҳолатда ҳам қуролланган кишилар жасадни беришни талаб қилишган.

Jospin Mwisha / AFP / Scanpix / LETA

Тиббиёт марказларига ҳужумларга дезинформация ва дафн маросимлари тақиқлангани сабаб бўлмоқда

Конго Демократик Республикасидагиларнинг кўпчилиги вируснинг табиий келиб чиқишига ишонмайди ва эболавирус инфекцияси нотижорат ташкилотлар ҳамда шифохоналарнинг даромад олиш мақсадида уюштирган фитнаси маҳсули деб ўйлашади. Бундай миш-мишлар тарқалиши фонида беморлар тиббий ёрдамдан воз кечиб, маҳаллий табибларда даволанишга ҳаракат қилишмоқда.

Кескинлик кучайишига яна бир сабаб минтақада кенг тарқалган анъанавий дафн маросимлари билан боғлиқ: бундай маросимлар бир неча кун давом этади, кўп сонли одамларни тўплайди ва вафот этганларнинг жасадларини яланғоч қўллар билан ювишни талаб қилади. Аммо Эбола вируси тарқалишини тўхтатиш учун вафот этган беморларни дафн қилишнинг қатъий протоколларига риоя қилиш муҳимдир. Касалликни жиловлаш учун КДР ҳукумати аллақачон 50 дан ортиқ одам иштирокидаги дафн маросимлари ва бошқа йиғилишларни тақиқлаган.

Булар янгилик эмас – содир бўлаётган воқеалар сценарийси ўтмишдаги эпидемияларни эслатади, таҳдид эса локал даражада қолмоқда

Конго Демократик Республикасида эболавирус инфекциясининг олдинги тарқалишлари пайтида тиббиёт ходимлари ва даволаш марказларига ҳужумлар мунтазам равишда содир бўлган: БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида КДРда тиббиёт ходимлари ва даволаш марказларига 198 марта ҳужум қилинган.

Бу касаллик тез тарқалаётган биринчи ҳолат эмас. Худди шу минтақада тарихдаги энг йирикларидан бири бўлган Заир эболавируси кенг тарқалганида (2018–2020 йилларда), у КДР ва Угандадан ташқарига чиқмаганди.

Ҳозир ҳам, ЖССТ, БМТ ва гуманитар ташкилотлар бонг ураётганига қарамай, уларнинг расмий позицияси ўзгаришсиз қолмоқда: касалликнинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши хавфи «паст».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид