Подполковник президентга қарши: Трампнинг Зеленский билан суҳбати гувоҳи Конгрессда кўрсатма берди
АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг Республикачилар партиясидаги тарафдорлари АҚШ армияси подполковниги Александр Виндманни кескин танқид қилишмоқда. Уруш фахрийсини ҳатто жосус деб аташмоқда, у Конгрессда Оқ уй Украина ҳукуматига босим ўтказишга урингани ҳақида кўрсатма беришга рози бўлганди.
Ўз навбатида Виндман ҳақида салбий изоҳлар билдирган АҚШ президенти ва унинг тарафдорлари демократларнинг кескин танқидларига нишон бўлишмоқда.
АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден Оқ уй раҳбарининг изоҳини пасткашлик деб атади, сенатор-демократ Камала Ҳаррис эса бунга шармандалик деб баҳо берди. Илк марта демократларнинг позициясини Республикачилар партиясининг кўзга кўринган вакиллари қўллаб-қувватлашмоқда.
Президентликка собиқ номзод Митт Ромни АҚШ президенти сўзларини абсурд деб атади. Вакиллар палатаси аъзоси Лиз Чейни подполковник Виндманни ҳақиқий ватанпарвар деб ҳисоблашини айтди ва бунга шубҳаланувчилар «уялиши кераклиги»ни қўшимча қилди.
Александр Виндман ким ўзи?
АҚШ армияси подполковниги Виндман 2018 йил июлида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа департаментига директор этиб тайинланганди. У Оқ уйда Украина масалалари бўйича эксперт ҳисобланади.
Александр Виндман 1975 йилда Киевда туғилган. Унинг онаси вафот этгач, оила бошлиғи Семён уч нафар фарзанди билан АҚШга эмиграция бўлишга қарор қилган. СССРни у уч ўғли - катта ўғли Леонид ва тўрт ёшли эгизаклар Александр ва Евгений билан бирга тарк этган.
Оила Нью-Йоркда, Брайтон-Бичда қўним топган, бир неча йил ўтиб эгизаклар «Озодлик ҳайкали» номли ҳужжатли фильм қаҳрамонлари ҳам бўлишган.
Уч ўғил ҳам ҳарбий соҳани танлашган. Александр аввалига Нью-Йорк штатидаги Бингҳэмптон университетини тамомлаган, кейин Ҳарвардда магистр даражасини олган. Унинг биографиясида қайд этилишича, у рус ва украин тилларида эркин гаплаша олади.
У 1999 йилда илк зобитлик унвонини олган, кейинроқ Жанубий Корея ва Германияда хизмат қилган. 2004 йилда у капитан унвонида Ироқдаги урушга юборилган, бир ой ўтиб қўлбола бомба портлаши оқибатида оғир жароҳат олган. Кейинроқ Виндман «Қирмизи юлдуз» ордени билан тақдирланган.
2008 йилдан у АҚШнинг Киев ва Москвадаги элчихоналарида ишлай бошлаган, кейин Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбарининг Россия масаласи бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган.
Ниҳоят АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаш бўйича таклифни қабул қилган Виндман Украина билан муносабатлардаги сиёсатни шакллантиришга масъул ҳисобланади. У шу йил баҳорида Украинанинг янги президенти Владимир Зеленскийнинг инаугурацияси маросими вақтида ҳозир бўлган Америка расмий делегациясининг беш нафар аъзосидан бири бўлганди.
Унинг эгизаги, подполковник Евгений Виндман ҳам АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ходими ҳисобланади ва юридик департаментда фаолият кўрсатади. Эгизакларнинг Оқ уйдаги хоналари рўпара жойлашган.
Трампнинг жаҳли чиқди
New York Times нашри 28 октябрь куни подполковник Александр Виндман конгресснинг учта қўмитасининг ёпиқ мажлисида кўрсатма беришга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатди.
Нашрда уруш фахрийси, маъмуриятнинг Украина бўйича асосий мутахассисларидан бири бўлган подполковник Дональд Трамп ва Владимир Зеленскийнинг можароли телефон мулоқотига жонли гувоҳ бўлган амалдорлардан бири экани айтилганди. Бу мулоқотдан икки ҳафта олдин у Оқ уйда Америка ва Украина делегациялари музокараларида ҳам иштирок этган.
Сешанба куни, Виндманнинг конгрессдаги чиқишига бир неча соат қолганида Трамп ўз анъанасига кўра твиттерида бу борада изоҳлар қолдирди ва «бу одам Украина президенти билан суҳбатидаги гапларини ҳеч қачон эшитмагани»ни айтиб, ОАВни яна бир бор сотилганликда айблади.
Оқ уй адвокати Рудольф Жулиани эса подполковник Виндманни «жосус» деб эълон қилди ва у «Икки мамлакатга (АҚШ ва Украина) хизмат қилиб паришон аҳволга тушгани»ни айтиб ўтди.
Виндман нима деди?
Подполковник ўз чиқишида иммигрант эканини айтган ва шу билан биргаликда ватанпарварлигини, шу туфайли конгрессда кўрсатма беришга қарор қилганини таъкидлаган.
У икки эпизодга эътибор қаратган. У бу ҳолатлардан ғазабланган ва Миллий хавфсизлик кенгашининг юридик маслаҳатчисига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Шу йилнинг 10 июлида Виндман Оқ уйда америкаликлар ва украиналиклар делегацияси музокарасида (Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ва Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг ўша вақтдаги раиси Александр Данилюк ўртасидаги музокара) иштирок этганини эслаган.
Унинг сўзларига кўра, Киев президент Зеленскийнинг Трамп билан учрашиш истагини билдирганида, АҚШнинг ЕИдаги элчиси Гордон Сондленд бунинг учун украинлар томони «АҚШдаги сайловларга аралашиш масаласида, Байденлар оиласи ва «Бурисма» компанияси бўйича текширувлар ўтказишга рози бўлиши кераклиги»ни айтган.
Иккинчи эпизод эса АҚШ ва Украина президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳисобланади. Подполковник у ўз шикояти билан президент импичменти жараёни бошланишига сабаб бўлган «махсус хизматнинг аноним ходими эмаслиги»ни таъкидлаган. У шунингдек, икки президент ўртасидаги суҳбат мазмунини баён этмаган, у буни «конгресснинг барча аъзолари аллақачон ОАВда эълон қилинган расшифровка билан танишлиги» билан изоҳлаган.
«Мени бу суҳбатнинг мазмуни ташвишга солди. Менимча, кимдир бошқа бир давлат ҳукуматидан АҚШ фуқаросига нисбатан текширув ўтказишни талаб қилиши мумкин эмас. Мени шунингдек, Украина бу шартни бажармаслигининг оқибатлари ҳам ташвишлантирди.
Агар Украина барибир Байденлар ва «Бурисма» бўйича текширув бошласа, бу АҚШдаги сиёсий ўйинларда бир партия томонида туриб иштирок этиш сифатида баҳоланади. Бу ҳолда Украина икки партиянинг ҳам (Республикачилар ва Демократлар) қўлловини йўқотади. Қолаверса, буларнинг барчаси АҚШ миллий хавфсизлик тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади», деган подполковник.
Подполковникнинг таъкидлашича, можароли телефон суҳбатидан бироз олдинроқ Оқ уйнинг бюджет масалалари бўйича идораси конгресс томонидан маъқуллаб бўлинган бўлсада, Украина учун ажратилган 391 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни тўхтатишга қаратилган «ноодатий чоралар кўрган»ди.
Александр Виндман икки президент суҳбатини тинглаб, кўрсатма берган илк амалдор бўлди. Қайд этилишича, ушбу фахрий ҳеч қачон сиёсий партиялардан бирига симпатия билдирмаган.
Вашингтондаги кузатувчилар фикрича, айнан шунинг учун унинг чиқиши Оқ уйда ва айрим республикачилар орасида бундай кескин реакция келтириб чиқарди.
«Энди президент маъмурияти унинг сўзларига раддия бериш учун жуда аниқлик билан ҳимоя стратегияси танлаши керак», - дейди ўз номи сир қолишини сўраган маъмуриятнинг собиқ ходимларидан бири The Hill нашрига.
Азиз Қаршиев тайёрлади
Мавзуга оид
20:14 / 24.11.2024
Россия армиясининг «Жануб» қўшинлар гуруҳи қўмондони лавозимидан четлатилди
19:21 / 24.11.2024
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06 / 24.11.2024
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22 / 24.11.2024