Жаҳон | 21:42
2366
5 дақиқада ўқилади

Туапсега навбатдаги ҳужум: портда – кучли ёнғин, шаҳарда – тутун ва қурум

Расмийлар вазият ҳақида сукут сақламоқда, ҳолатни ёритиш учун борган журналист полиция бўлимига олиб кетилган. Шу билан бирга, порт атрофида яшовчи аҳолини эвакуация қилиш бошланган.

Фото: Exilenova+

Украиналик ҳарбийлар 28 апрелга ўтар кечаси Туапсе портидаги нефт қуйиш инфратузилмасига дронлар орқали зарба йўллади. Краснодар ўлкаси тезкор штаби ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқлигини маълум қилган. Портда дронлар қулаши оқибатида кучли ёнғин бошланган. Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларга кўра, бу жойдан кўтарилган тутун бир неча соат ичида камида 140 километр масофага тарқалган.

Регион губернатори Вениамин Кондратев телеграмдаги каналида расмийлар «хавфсизлик нуқтайи назаридан» терминалга яқин жойлашган уйлар аҳолисини эвакуация қилиш бошлангани ҳақида хабар берган. Улар вақтинча мактаб биносига жойлаштирилади. Маҳаллий «Кубан Информ» нашри ёзишича, 28 апрел куни шаҳардаги барча мактабларда машғулотлар бекор қилинган, болалар боғчаларида эса фақат навбатчи гуруҳлар ишлаган.

Шу билан бирга, ёнғин ўчирилаётгани ҳақида ҳам, шаҳардаги экологик ҳолат ҳақида ҳам деярли ҳеч қандай расмий тезкор маълумот берилмади. Кондратевнинг телеграм-каналида тонгда дронлар ҳужуми факти тасдиқланган ва аҳоли эвакуацияси ҳақидаги биргина пост чиққан.

Регион тезкор штаби бу хабарни репост қилиш билан чекланган ва шундан кейин вазият ҳақида янгиланган маълумотларни эълон қилмаган. Туапсе шаҳарчаси раҳбари Сергей Бойко Кондратевнинг хабарини репост қилишдан ташқари, порт атрофидаги кўчаларда яшовчи кишиларни эвакуацияга чорлашга қаратилган постини эълон қилган. Роспотребнадзорнинг маҳаллий бўлими эса «ёнғин ва мавжуд хавф-хатарлар» шароитида нима қилиш кераклиги ҳақидаги тавсиялар берилган эслатмани жойлаштирган. Бу базавий маслаҳатларнинг қисқача тўпламидир: ойнани очмаслик, имкон қадар кўчага чиқмаслик, хона ҳавосини тез-тез намлантириб туриш.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам матбуот вакиллари учун брифингда Туапседа нималар бўлаётгани ҳақида гапиришдан бош тортиб, «Киев режими зарбалари оқибатида зарарланган жойлар ҳақидаги ҳар қандай маълумот – ёпиқ». «Оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур даражада чоралар кўрилмоқда», – деган Кремл вакили умумий қилиб.

Шу билан бирга, гувоҳларнинг сўзларига кўра, шаҳардаги экологик вазият оғир. «Кедр» нашри мухбири Анастасия Троянова хабар беришича, Туапсе дарёсида сув рангидан кескин фарқланадиган ва нефт маҳсулотларини эслатувчи қорамтир оқимлар кўзга ташланган.

Тун қўрқинчли бўлди. Ҳозир шаҳар узра улкан қора тутун устунлари турибди. Куйинди ҳиди анқиган. Шу билан бирга, одамлар респираторларсиз ёки оддий тиббий ниқобларда юришибди. Улар ҳидни сезишмаётганини айтишади: бу жуда хавфли, чунки шундай қилиб заҳарланиб қолиш мумкин. Шамол ёрдам бермоқда: у тутунни бироз бўлса-да тарқатади. Аммо уч кундан буён шу ерда бўлган одам сифатида айтишим мумкинки, менда аллақачон йўтал ва конъюнктивит бор.

Бу хабаридан кўп вақт ўтмай Троянова билан алоқа узилиб қолган – у таҳририятдагиларга ўзини номаълум шахслар қўлга олаётганини хабар қилишга улгурган. Кейинроқ журналист полиция бўлимидан топилди – у ердагилар у билан «суҳбат ўтказилгани»ни маълум қилишган.

Украина қуролли кучлари бош штаби Туапседаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилинганини тасдиқлаб, зарба Россиянинг «ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини пасайтириш доирасида» берилганини қайд этди. Идорадагилар заводдан «Украина ҳудудидаги Россиянинг ишғолчи армиясига таъминот етказишда фойдаланилиши»ни таъкидлаган.

Бу апрел ойи бошидан буён Украинанинг Туапсега ҳужуми оқибатида портда кучли ёнғин чиқиши ва жиддий экологик оқибатлар юзага келиши билан боғлиқ учинчи ҳолат бўлмоқда. Ундан олдинги икки ҳужум 16 ва 20 апрел кунлари амалга оширилган, икки ҳолатда ҳам дронлар портдаги инфратузилмалардан ташқари фуқаролик биноларига ҳам зарба берганди. Бу ҳужумлар оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, ўн киши яраланган.

Олдинги икки ҳужум вақтида ҳам нефтни қайта ишлаш заводи жиддий зарар кўрганди
PlanetLabs

Портда чиққан биринчи ёнғинни ўчиришга уч кун кетган, шундан кейин Қора денгизда 10 минг метр квадрат майдонда нефт доғи аниқланган. Иккинчи ёнғинни эса қарийб беш кун давомида ўчиришди. Бу вақт ичида шаҳар ҳавоси сифати кескин ёмонлашди ва «нефт ёмғири» ёғди.

Шаҳар аҳолиси вакиллари кўчаларда қурум босган уй ҳайвонлари ва қора кўлмакларнинг суратларини эълон қилган. Улар расмийлар вазият ўзгариши, хусусан, ҳаводаги зарарли моддалар миқдори ҳақида деярли маълумот бермаётганидан шикоят қилишган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид