Ўзбекистон | 14:43 / 27.01.2021
11099
3 дақиқада ўқилади

Бугун Ўзбекистонга нисбатан хусумати бор ёки унга қарама-қарши бўлган давлат йўқ – Содиқ Сафоев

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистоннинг сўнгги 4 йилда эришган ютуқлари қаторида айни пайтда республикага нисбатан хусумати бор ёки унга қарама-қарши давлат йўқлигини таъкидлади. Унинг айтишича, кўп йиллар давомида айрим мамлакатлар билан манфаатлар қарама-қаршилиги мавжуд бўлган.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 27 январ куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистон ташқи сиёсатида эришилган ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, кўп йиллар давомида баъзи давлатлар билан Ўзбекистон манфаатлари бир-бирига зид бўлган.

«Ташқи сиёсатимизда охирги 4 йилда эришилган энг муҳим натижалардан бири – бугун Ўзбекистонга нисбатан хусумати бор ёки унга қарама-қарши бўлган давлат йўқ.

Бу худди оддий бир иборага ўхшайди. Лекин мустақиллигимиз даврида ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Кўп йиллар мобайнида айрим давлатлар билан манфаатларимиз бир-бирига қарама-қарши бўлган.

Муҳтарам юртбошимизнинг дипломатик санъати шундан иборат бўлдики, охирги 4 йилда барча йўналишларда йирик ҳамда бизга бевосита қўшни бўлган давлатлар билан дўстона мулоқотни ўрнатишга эришдик.

Яна бир ютуқ – Марказий Осиёдаги вазиятни батамом ўзгартиришга эришганимизда бўлди. 5 йил олдин кўпгина сиёсатшунослар томонидан Марказий Осиёда ҳарбий тўқнашувлар сценарийси албатта бўладиган воқеадек кўрсатиларди. Бугун бу аҳмоқона фикр экани ойдинлашди. Чунки ҳозир ўзаро келишув асосида очиқ иқтисодий-сиёсий мулоқот олиб борилмоқда.

Охирги 4 йилда бизнинг атрофимиздаги давлатлар билан бўлган савдо 2 баробарга кўпайди. Янги ҳеч нарса йўқ. Ишлаб чиқариш ҳам ўша-ўша. Фақатгина очиқлик, мулоқотга тайёрлик бор.

Илгари айтайлик ўзимиз учун керак бўлган донларни Қозоғистондан, ҳаттоки, автомобилда олиб келар эдик. Албатта, бу иқтисодиётга зид бўлган. Бугун жараён батамом ўзгаряпти», – деди Сенат расмийси.

Ўтган йили 23 декабр куни Содиқ Сафоев юқори палатанинг халқаро алоқалар бўйича 2020 йилда қилинган ишлари ҳақида маълумот берганди. 

Унда Сенат раисининг биринчи ўринбосари ҳисоботида Ўзбекистоннинг ЕОИИга интеграцияси масаласига ҳам тўхталган.

«Ўзбекистон учун интеграцион жараёнларда фаол иштирок этиш жуда муҳим. Чунки Ўзбекистон ўзининг жуғрофий жойлашуви нуқтайи назаридан ҳам муайян имтиёз ва муаммоларга эга. Шунинг учун савдо алоқаларини ривожлантириш, транспорт йўлакларини барпо этиш биз учун ривожланишнинг энг муҳим омилларидан биридир.

Президент ўз мурожаатномасида парламентнинг иккала палатасига ҳам ЕОИИ билан ҳамкорлик натижаларини чуқур ўрганиш ва хулосага келиш бўйича топшириқ берган эди. Бизда бу масалада экспертлар томонидан чуқур ўрганишлар ўтказилди ва «кузатувчи давлат» мақоми маъқул кўрилди. Ўйлашимча, бу парламентнинг тугаётган йилдаги энг муҳим ишларидан бири», – деган у.

Аввалроқ, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2021 йил давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятидаги асосий ҳужжатни ўзгартириш таклифи билдирилгани ҳақида хабар берилганди. Амалдаги концепция эса очиқ манбаларда учрамайди.

Мавзуга оид