Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп доктринаси: Россия билан ярашамиз, Хитой билан тирашамиз!
Бир неча кун олдин АҚШ президенти Трамп янги таҳрирдаги Миллий хавфсизлик стратегиясини имзолади. Бу ҳужжат ҳар 3-4 йилда бир марта АҚШ ижро ҳокимияти томонидан тайёрланади, президент томонидан имзоланади ва Конгрессга тақдим қилинади. Бу – АҚШнинг ташқи сиёсати, айниқса хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги қарашларини билдиради.
Бу сафарги стратегия АҚШнинг шу пайтгача шаклланган қарашларини кескин ўзгартиради. Айниқса, НАТОга, Европа Иттифоқига муносабат кескин ўзгарган. Шу сабаб, бу стратегия Европа Иттифоқидаги АҚШнинг анъанавий иттифоқчиларида, НАТОга аъзо давлатларида анча норозиликларга сабаб бўлди.
Бу стратегияда Россия Федерацияси олдингилари каби “душман” ёки “рақиб” давлат дейилмаган. НАТОнинг кенгайишига, янги аъзолар қўшилишига ҳам салбий муносабат билдирилган. Россия–Украина урушини тезроқ тугатиш ва Россия билан муносабатларни тиклаш таклиф қилинган.
Европа Иттифоқи давлатлари, НАТОга аъзо давлатлар ўзларининг хавфсизлик ва барқарорлик масъулиятларини ўзлари олишлари кераклиги билдирилган. Мана шу фонда, Ғарб давлатлари ОАВларида чиқаётган инсайдер маълумотлар ва уларнинг таҳлиллари шуни кўрсатадики, АҚШ ўзининг стратегик нигоҳини бошқа томон бурмоқда. Бундан кейин АҚШ икки фронтда уруш олиб бориш ниятида эмас. Чунки бунга АҚШнинг ресурслари етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабаб, расмий Вашингтон Россия–Украина урушини тезроқ тугатиш ва бошқа минтақага тўлиқ эътиборини қаратиш ниятида. Гап – Ҳинд-Тинч океани ҳавзаси ҳақида кетмоқда. Оддий қилиб айтганда, АҚШ бундан кейин глобал майдондаги ўзининг энг устувор вазифаси сифатида Хитой Халқ Республикасини тийиб туришни белгилаб олди.
АҚШ НАТОдан чиқиб кетиш ниятида эмас, лекин НАТО доирасидаги ўзининг иштирокини пасайтирмоқчи. Бундан мақсад – бор ресурсларини Ҳинд-Тинч океани ҳавзасига, аниқроғи ХХРга қарши йўналтириш, яъни “Хитой тахдиди”га қарши қаратиш.
Кейинги икки ўн йилликда АҚШ сиёсий элитаси ва президентларининг стратегик нигоҳи Хитой томон кучайиб бормоқда. Совуқ уруш тугаб, СССР қулаган 1990-йилларда Вашинтондаги сиёсий мутафаккирлар Хитойни асосий таҳдид сифатида кўрмас эди. У вақтлар “Хитой бой бўлган сари, у либерал бўлади, либерал бўлган сари АҚШга қулай ва у тарафидаги давлатга айланиб боради” деган қараш устувор эди. Бироқ бугун Хитойни асосий рақиб ва таҳдид деб билиш, Вашингтондаги икки партия учун ва барча кейинги президентлар учун – норма. Айни пайтда, Хитойга қарши тирашувдаги усуллар борасида, қарашлар фарқ қилади.
Ғарб ОАВларидаги хабарларга ва таҳлилларга кўра, Вашингтон Европадаги ўзларининг иттифоқчиларини хабардор қилиб, 2027 йилдан бошлаб Европа/НАТОга одатий қурол-яроқ етказиб берувчилик ролидан воз кечмоқчи. Лекин ядровий ҳимоячи ролини сақлаб қолаверади.
Шу ўринда айтиш керакки, Обама ҳам, Байден ва Трампнинг ўзи ҳам “биз келажакда қудратли давлат бўлиб қолишимиз учун, ХХРни тийиб, унинг ўсишини назорат қила олишимиз керак” деган маънодаги позицияда бўлишди. Бироқ, бу стратегияни амалга оширишда, демократлар АҚШнинг иттифоқчиларига катта эътибор берса, Доналд Трамп АҚШнинг иттифоқчиларга бўлган эҳтиёжини у қадар урғуламайди.
Трампнинг ҳокимиятга келиши билан “Коллектив Ғарб” парчаланди. Бу парчаланиш икки мисолда яққол кўринади: Россия Федерацияси ва ХХР. Европа Иттифоқчи учун Россия – асосий таҳдид. Европа нигоҳида, Россияга Украина ерлари берилиши, Украинага бостириб кирганлиги учун етарлича жазоланмаслиги – Москвани руҳлантиради, босқинчиликни рағбатлантиради. Лекин Трамп Путин билан тезроқ келишиш ниятида. Трампнинг орзуси – келажакда кутилаётган АҚШ–ХХР стратегик тирашувида Россия ёки АҚШ тарафида бўлсин, ёки ҳеч бўлмаса бетараф қолсин, Хитойга ёрдам бермасин. Бироқ, Европа лидерлари бу лойиҳага ишонмайди. Путиннинг асосий мақсади – Ғарбни, аввало АҚШни глобал ҳокимиятдан йиқитиш деб ишонади. Россиянинг Хитой тарафида қолишига кўпроқ ишонади.
Қолаверса, Европа учун ХХР – очиқ-ойдин таҳдид эмас. Бугун Европа Иттифоқи билан ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдодан кўра ортиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, Трамп АҚШнинг устувор вазифаларини қайта кўриб чиқмоқда, эътиборни Европадан олиб Хитойга қаратмоқда. Келажакда кутилаётган АҚШ-ХХР тирашувига тайёрланмоқда.
Бу зиддиятлар Ўзбекистонга, Марказий Осиё тақдирига бевосита таъсир қилади. Биз Евросиё қитъасининг қоқ марказида жойлашганмиз. Дунёдаги энг катта реал ва потенциал зиддиятлар, урушларнинг мутлақ аксарияти – Евросиё қитъасида ва унинг атрофида. Дунёда кучлар нисбати ўзгариб, янги куч синашувлар, тирашувлар даври бошланар экан, МОнинг, туркий дунёсининг асосий вазифаси – ўзаро бирликда ва ҳамжиҳатликда яшовчанликни ва қудратни сақлаш ва ошириб бориш вазифаси долзарблашади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
22:40
AI оламида кураш: Трамп маъмурияти нега Nvidia чипларини Хитойга сотишга рухсат бермоқда?
22:29
АҚШ Киевга Европа Иттифоқига қўшилишни ва «Корея сценарийси»ни таклиф қилмоқда
18:53
АҚШ ҳукумати йил бошидан бери 85 мингта визани бекор қилди
16:25