Жаҳон | 15:58 / 21.10.2025
8475
5 дақиқада ўқилади

АҚШда йилига 500 минг доллар пул топадиганлар ҳам «ойликдан ойликкача» яшай бошлаган. Нега?

Goldman Sachs компанияси ҳисоботига кўра, йилига 300 мингдан 500 минг долларгача пул топадиган америкалик ишчиларнинг 41 фоизи, 500 минг доллардан ортиқ топадиганларнинг 40 фоизи ўзларини «ойликдан ойликкача яшаяпмиз» деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, харажатларини қоплашда қийналаётганлар орасида йиллик даромади пастроқ бўлган ишчиларнинг улуши сезиларли даражада кам. Тадқиқотчилар бу парадоксни «ҳаёт тарзи инфляцияси» билан боғлаган. Яъни илгари ҳашамат ҳисобланган нарсалар айрим даромад гуруҳларида аста-секин заруратга айлана бошлаган.

Фото: AP

АҚШда ҳам ишчилар яшаш харажатлари ошиб кетганидан шикоят қилишяпти. Тухум каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин қимматлашган, уй-жой нархлари ҳам иш ҳақи ўсишидан тезроқ кўтариляпти. Натижада солиққа тортиш тизимидаги энг юқори тоифага кирувчи, олти рақамли даромад олувчилар ҳам ўзларини аранг кун кечираётгандек ҳис қила бошлашган.

Goldman Sachs компаниясининг янги ҳисоботига кўра, йилига 300 мингдан 500 минг долларгача топадиган америкалик ишчиларнинг 41 фоизи, шунингдек, 500 минг доллардан ортиқ топадиганларнинг 40 фоизи ўзларини «ойликдан ойликкача яшаяпмиз» деб ҳисоблайди.

Кутилмаган тарзда нисбатан камроқ маош олувчилар: йилига 200 мингдан 300 минг долларгача даромад топадиганларнинг атиги 16 фоизи ўз харажатларини қоплашда қийналаётганини билдирган.

Даромад спектрининг янада қуйироқ қисмида жойлашганлар: йилига 100 мингдан 200 минг долларгача топадиган ходимларнинг 25 фоизи, 50 мингдан 100 минг долларгача даромад оладиганларнинг эса 36 фоизи ойликдан ойликкача яшаётганини маълум қилган. Ўз навбатида, йилига 50 минг доллардан кам топадиган америкалик ишчиларининг 57 фоизи маошлар кун кечириш учун зўрға етишини айтган.

Нега кўп пул топадиганлар қийналишни бошлаган?

Бир қарашда юқори даромад олувчиларнинг кам маошли ишчилар билан бир хил молиявий босимни ҳис қилаётгани мантиқсиздек туюлади. Аммо, тадқиқот бу парадоксни «ҳаёт тарзи инфляцияси» билан боғлаган. Яъни илгари ҳашамат ҳисобланган нарсалар айрим даромад гуруҳларида аста-секин заруратга айлана бошлаган.

«Тадқиқот шуни кўрсатадики, молиявий босим фақат паст даромадли ишчилар билан чекланмайди. Юқори даромад эгалари орасида ҳам ойликдан ойликкача яшаётган ёки узоқ муддатли молиявий мақсадларига етишда суст натижа кўрсатаётганлар кўп. Бу эса ортиб бораётган харажатлар, қарз юкламаси ва ҳаёт тарзи инфляциясининг жамғарма имкониятини йўққа чиқараётганини англатади», дейилади ҳисоботда.

Нархлар ошишда давом этяпти. Энг оддий маҳсулотлар, масалан, ўн иккиталик тухум айни пайтда 3,6 доллар туради. Жорий йилнинг март ойида бу кўрсаткич 6,22 долларгача кўтарилганди. Таққослаш учун, пандемиягача 12 та тухумнинг баҳоси атиги 1,4 доллар бўлган.

Йирикроқ харидлар, масалан, уй сотиб олишга келсак, нархлар янада кескин ошган. АҚШда уй сотиб олишнинг ўртача нархи 2025 йил августида 413,5 минг долларни ташкил этган бўлса, бу пандемиядан олдин, 2020 йилнинг январида 328,9 минг доллар эди. Натижада янги тоифа — «доимий ижарачилар» пайдо бўлган.

RentCafe ҳисоботига кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача ижарада яшовчи америкалик миллионерлар сони уч баравар ошган. Ҳозирда ҳар 11 нафар миллионернинг бири, кўчмас мулк харид қилишга етарли маблағга эга бўлишига қарамай, уй сотиб олиш ўрнига ижарада яшашни маъқул кўра бошлаган. Бу нархлар ҳаддан ташқари ошиб кетгани билан изоҳланяпти.

Яшаш харажатларининг ошиб кетгани ҳам энг юқори даромад эгаларини ҳашаматдан воз кечишга мажбурлай олмаган. Улар қимматбаҳо машиналарда юришда давом этяпти, қиммат квартираларни ижарага олишяпти ва бренд кийимларга катта пул сарфлашмоқда. Бу ҳолат бутун мамлакат бўйлаб кузатиляпти — америкаликларнинг тахминан 40 фоизи кимнидир қойил қолдириш учун ўз имкониятидан ортиқча харажат қилганини тан олган. Ушбу муаммо «ҳаёт тарзи инфляцияси» деб аталади.

Айрим бойлар харажатларни камайтиришга ўтишган

Кўплаб юқори даромадли америкаликлар ҳануз ламборджини миниб, Louis Vuitton сумкаларига пул тўлашда давом этишаётган бўлса-да, уларнинг баъзилари дабдабали ҳаёт кечириш учун асосий ҳаётий эҳтиёжларини қисқартириш йўлига ўта бошлашган.

Clarify Capital компанияси ҳисоботига кўра, олти рақамли даромад олувчиларнинг бир қисми пулни иқтисод қилиш йўлини танлай бошлашган: улар эконом классда учишяпти, арзонроқ озиқ-овқат дўконларидан харидларни амалга оширишяпти, кийим-кечак сотиб олишда тежамкорликка ўтишган ва турли обуна хизматларидан фойдаланишни қисқартиришяпти.

Сўровнома натижаларига кўра, кундалик харажатлардан ташқари, юқори даромад эгалари қуйидаги харажатларни камайтирганини айтишган:

  • 47 фоизи орзу қилган таътил ва саёҳатларини орқага сурган;
  • 31 фоизи уй таъмири ишларини тўхтатган;
  • 26 фоизи янги автомобил сотиб олиш ёки ижарага олишни кечиктирган;
  • 17 фоизи эса янги уй харидини режалаштирилган муддатдан кейинга қолдирган.

Шунингдек, 6 фоиз олти рақамли маош олувчи ишчилар ҳаттоки никоҳни ҳам кечиктираётганини билдиришган. Яъни улар уйланиш ёки турмуш қуришни молиявий сабабларга кўра орқага суришяпти.

«Бугунги кунда фақат даромаднинг ўзи молиявий хотиржамликни кафолатлай олмайди. Юқори даромад эгалари ҳам инфляция босимини ҳис қилмоқда, улар фаровонлик аслида нимани англатишини қайта ўйлай бошлашган», дейилади ҳисоботда.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид