Ўзбекистон | 12:18 / 21.01.2019
10781
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида Германия университетининг филиали очилиши мумкин – вилоят ҳокими маслаҳатчиси

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

2018 йилгача Jones Lang Lasalle компаниясида бизнес иншоотларини бошқариш бўйича менежер ёрдамчиси вазифасида ишлаган, айни пайтда Навоий вилояти ҳокимининг инвестиция ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси вазифасига тайинланган, Назиржон Жўраев Германия университетларидан бирининг филиали Навоийда очилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди. 

«Авваламбор, Германия университетлари малакали муҳандис ходимларни етказиб беришда бошқа давлатларга қараганда устунликларга эга ва ўқиш нархлари ҳам халқимиз учун ҳамёнбоп эканлигини таъкидлаш лозим. Биз кўзлаётган олийгоҳлар университетларнинг халқаро рейтингида энг юқори 500таликдан ўрин олган. Масалан, Аҳен шаҳридаги Рейн-Вестфаль техника олийгоҳи билан музокара олиб боряпмиз. Албатта, бошқа олийгоҳлар билан ҳам боғланамиз ва уларни жалб қилишда бор маҳорат ва тажрибадан фойдаланамиз», – дейди Жўраев.

Унинг айтишича, вилоятда, асосий вазифаларидан бири –​ коорпорация ва инвесторларга кредит ажратиш ва халқаро молиявий ресурсларни кўчиришга кўмак бериш бўлган, инвестбанк ташкил этилиши ҳам режалаштирилмоқда.

«Шунингдек, талайгина ишлар амалга оширилиши кутилмоқда. Шулардан бири –​ шаҳар ва туманларда кўнгилочар эко-парклар ташкил этиш, тунги Навоий шаҳрини янада ёритиш, машиналар автотураргоҳларини тартибга солиш. 

Улар ичида энг муҳимларидан бири –​ мактабларда инглиз тилига ихтисослаштирилган қўшимча​ тўгараклар ёки ҳамёнбоп ўқув марказлари хизматларини кўпайтириш режамизда бор. Халқимизда шу борада қўшимча таклифлар бўлса, биз уларни тинглашдан хурсанд бўлардик ва ҳар бир таклифни инобатга олиб ўрганиб чиқамиз», – дейди вилоят ҳокими маслаҳатчиси.

Маълумот учун, Назиржон Жўраев ўз вазифасига 2019 йилнинг январидан бошлаб киришган. У бунга қадар Англияда Oceanic Village LTD компаниясида менежер лавозимида ҳам ишлаган. Лондон бухгалтерия ва молия коллежи ва Раскин университетлари битирувчиси Жўраев 2 та халқаро банкларнинг инвестицияларини жалб этиш масаласида иш бошланганини маълум қилганди.  ​

Мавзуга оид