Ўзбекистон | 18:32 / 22.11.2022
27181
5 дақиқада ўқилади

Андижонда чироқ ўчган пайтда реанимациядаги бемор вафот этди

Қўрғонтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ётган эркак чироқ ўчиб қолган вақтда вафот этди. Kun.uz суҳбатлашган марҳумнинг яқинлари ўлимга электрдаги узилиш ҳам сабаб бўлган деб ҳисобламоқда. Шифокор бу фикрга қўшилмаслиги, барча реанимацион аппаратлар аккумуляторда ишлаганини айтди.

36 ёшли Шуҳратбек Абдуқаҳҳоров комбайнга оёқлари кириб кетиши оқибатида олган жароҳати туфайли 9 ноябр куни жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Дастлабки ёрдам кўрсатилгач, у жонлантириш бўлимида қолдирилган. Эртасига, 10 ноябр кеч соат 21 атрофида, оёғининг чиққан жойини солиш мақсадида берилган наркоз ва муолажадан кейин, бемор вафот этган.

Муолажа вақтида чироқ ўчиб қолган ва кислородни қўл орқали бошқариладиган мослама ёрдамида беришган. Марҳумнинг яқинлари ўлимга чироқ ўчиши сабаб бўлганини айтмоқда.

Қўрғонтепа тумани жонлантириш бўлими

Марҳумнинг отаси Рафиқжон Абдуқаҳҳоров фарзанди ўша куни наркоздан олдин аҳволи жуда яхши бўлганини айтди.

“Аҳволи жуда яхши эди. Оғриқ йўқми деган саволимга оғриқ йўқ деб жавоб берди. Оёқларимни тикишди деди.

Докторга кирдим, у ҳам: “Ҳолати яхши, хавотир олманг, бугун оёғини соламиз, эртага эса палатага олиб чиқамиз”, деди. Кечгача турдик. Ўғлим: “Кетаверинглар, яхшиман”, деди. Биз кетгач, оёғини жойига солиш учун биздан сўрамай яна наркоз беришган. Бола кўтара олмаган”, – дейди Рафиқжон Абдуқаҳҳоров.

Марҳумнинг отаси Рафиқжон Абдуқаҳҳоров.

Марҳумнинг укаси Икромжон ўлим рўй берган вақтда шифохонада бўлган.

“Мен акамнинг олдида қолгандим. Ўнг оёғининг қуймичи чиққан, деб травматологлар уни соламиз дейишди. Агар наркоз билан солмасак, оғриқ кучли бўлади, кўтара олмайди, дейишди.

Операциядан кейин, янги кислород баллонини олиб киришда ҳамшираларга ёрдам бердим (эскиси тугаган экан), янги баллонни улагандан кейин 5 дақиқалар ўтиб свет ўчиб қолди. Шу сабаб қўл билан аппарат ёрдамида сунъий ҳаво беришди. 10 дақиқалар давомида свет бўлмади. Свет келгач, қайтиб кирсам, акангиз бўлмай қолди, дейишди.

Яхши турган одамни мана 10-15 минутда ўлдиришди ҳисоби. Наркозгача акамнинг аҳволи жуда яхши эди”, – дейди марҳумнинг укаси Икромжон Абдуқаҳҳоров.

Шифокорлар бу эътирозларни рад этишди. Анестезиолог Ҳотамжон Назаровнинг айтишича, ўз вақтида ва тиббий кўрсатмаларга мувофиқ барча чоралар кўрилган. Шифохонада чироқ ўчгач, иккинчи линиядаги токдан фойдаланилган. Анестезиолог ўлим сабаби ё ёғ эмболияси, ё тромбоэмболия бўлиши мумкинлигини айтди.

Анестезиолог Ҳотамжон Назаров.

“Травматолог беморнинг оёғининг чиққан жойини солишимиз кераклигини айтди. Беморнинг пулс босими барқарор, ҳуши жойида эди, уйдагилар билан гаплашганман деди.

[…] Операция соат 21:00лар атрофида бошланди. Наркоз таъсирида бемор уйқуга кетди. Шу вақтда чиққан жойи солинди, шундан кейин 10 дақиқача яхши ётди. Ўзига келишни бошлаганида эса беморнинг ҳолати қандайдир менга ёқмади. Сатурацияси, қон босими нормада эди. Бирданига, бизнинг ўйлашимизча, тромбоз бўлган, шунинг ҳисобига беморнинг юз тузилиши ўзгарди, баданида қонталаш, кўкимтир туслар пайдо бўлиб қолди.

Тромбоэмболияга шубҳа қилиб, дарҳол интубацион наркозга ўтдик, беморни аппаратга олдик. Аппаратга улагандан кейин 10 дақиқа ўтгач, беморнинг қон босими тушиб, кўз қорачиғи кенгайиб кетди. 25 дақиқа давомида реанимация қилдик. Ҳамма чоралар кўрилди, вазопрессорларга ўтказилди, адреналин қилинди, дефибрилляция қилинди, кислородга уланди. Соат 21:50да қайтмас жараён бошланди ва биологик ўлим кузатилди.

Биринчи тахминимиз – ёғ эмболияси. Иккинчиси – тромбоэмболия. Шунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун консилиум қиламиз, консилиумда оёғидаги чиққан жойни жойига қайта солишга қарор қилинган.

Экспертизага берилган. Натижаларига кўра, хулоса берилади. Ҳақиқатда электр токи ўчиб қолди. Лекин қўл ёрдамида нафас бериш аппаратини ишлатганмиз. Иккита линия бўлгани учун чироқ узоқ вақт давомида ўчик турмади, 10 дақиқача бўлмади.

Бунақа пайтда бизда генератор иккинчи даражали бўлади. Биринчи даражали масала – бемор. Хона ичидаги лампочкани свет ўчган вақтда ҳам ёқиш мумкин. Тўғри, электр токи ўчгани қанақадир бизнинг фаолиятга таъсир қилиши мумкин, лекин буни ўлим сабаби деб билмайман. Чунки аппаратлар ҳаммаси аккумуляторда ишлаган, дефибрилляторнинг ҳам қуввати бор эди ”, – дейди анестезиолог Ҳотамжон Назаров.

Марҳум оилали бўлиб, икки нафар фарзанднинг отаси эди.

Жонлантириш бўлимида, гарчи электр токи бўйича иккинчи захира линияси ҳам бор бўлса-да, у ҳам узилиши эҳтимолидан келиб чиқиб генераторнинг йўқлиги бизни таажжубга солди.

Бу Қўрғонтепа тумани тиббиёт бўлимидаги биринчи нохуш ҳолат эмас. Шу йил май ойида, ўткир аппендицит касаллиги билан операция қилинган аёл жарроҳлик амалиётидан кейин вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда прокуратура органлари текширув бошлаганини маълум қилганди, унинг натижаси бўйича ахборот берилмади.

Шуҳратбек Абдуқаҳҳоров вафоти бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид