Столтенберг: Украина уруш тугагунига қадар НАТОга қабул қилиниши мумкин
НАТО тарихида ўз ҳудудини тўлиқ назорат қилмаган давлатларни қабул қилиш ҳолатлари бўлган, деди Столтенберг.
Россия Федерацияси томонидан бошланган уруш пайтида Украинанинг НАТОга кириши Шимолий Атлантика алянсини тўғридан тўғри иштирокчига айлантирмайди, чунки бу ҳолда хавфсизлик кафолатлари Россия Федерацияси томонидан босиб олинган ҳудудларга тааллуқли бўлмаслиги мумкин. Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянсининг собиқ раҳбари Йенс Столтенберг 4 октябр, жума куни чоп этилган Британиянинг Financial Times нашри журналистига берган интервюсида маълум қилди.
НАТО собиқ бош котиби: Германия НАТОга бўлинган ҳолда қўшилган
Столтенбергнинг сўзларига кўра, алянс мамлакатлари орасида Украинанинг НАТОга қабул қилинишига қарши бўлганлар ўз позицияларида бу ҳолатда НАТО Низомининг 5-моддаси қўлланишини таъкидламоқда – у барча иттифоқ давлатларининг унинг аъзоларидан бирига қарши бошланган жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этишини назарда тутади. Бироқ, «бу муаммони ҳал қилишнинг йўллари бор, агар халқаро тан олинган чегара бўлиши шарт бўлмаган чизиқ мавжуд бўлса», деди Столтенберг.
Мисол тариқасида Шимолий Атлантика алянсининг собиқ бош котиби НАТОга қўшилган бошқа мамлакатлар тарихидан ўз ҳудудларини тўлиқ назорат қилмаган ҳолатларни келтирди – улар орасида 1955 йилда иттифоққа қўшилган Германия Федератив Республикаси ҳам бор. «Ғарбий Германия Шарқий Германияни йирик Германиянинг бир қисми деб ҳисобларди. Уларнинг Шарқий Берлинда элчихонаси йўқ эди. Лекин НАТО, албатта, фақат Ғарбий Германияни ҳимоя қилди», деб таъкидлади Столтенберг.
«Таққослаш ҳар доим жуда хавфлидир, чунки ҳеч қандай параллеллик 100 фоиз тўғри эмас, аммо Қўшма Штатлар Японияга хавфсизлик кафолатларини берган, аммо бу Россия томонидан назорат қилинадиган Курил оролларига тааллуқли эмас», деди НАТОнинг собиқ раҳбари. Агар ирода бўлса, ечим топишнинг йўллари бор, дейди у.
НАТО янги бош котиби Ғарбнинг Украинага ёрдамини кучайтиришга ваъда берди
НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте 3 октябр куни Киевга эълон қилинмаган ташрифи чоғида Киевга Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашини кучайтиришга ваъда берди. Украина президенти Володимир Зеленский билан бўлиб ўтган қўшма брифинг чоғида Рютте янги лавозимдаги илк хорижий ташрифини Киевга Шимолий Атлантика алянси Украина томонида эканини ҳаммага тушунтириш учун амалга оширганини таъкидлади.
Марк Рютте фикрича, Украинанинг эркинлик учун кураши НАТОнинг асосий тамойиллари ва қадриятларига мос келади. «Украина ҳозир НАТОга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ ва бизнинг иттифоқимизга аъзо бўлгунга қадар бу йўлдан боришда давом этади», деб ишонтирди янги бош котиб.
Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, Рюттенинг сўзларига кўра, «чегара билан тугамайди» ва шунинг учун мамлакат Россия ҳудудига узоқ масофали Ғарб ракеталарини отиш имкониятига эга бўлиши керак. «Россия ноқонуний уруш олиб бормоқда, демак, рус қирувчилари ва ракеталарини Украина фуқаролик инфратузилмасига қарши қўлланишидан олдин нишонга олиш ҳаётни сақлаб қолишга ёрдам беради», деб тушунтирди НАТО бош котиби.
Мавзуга оид
23:55 / 04.01.2025
Геосиёсий ҳафта таҳлили: газ транзитини тўхтатган Украина, Россиядан норози Озарбойжон ва танлов қаршисидаги Сурия
14:01 / 04.01.2025
Братиславада Украина билан бирдамлик акцияси бўлиб ўтди
19:37 / 03.01.2025
«Трамп ҳал қилиши мумкин». Зеленский 2025 йилдан умидлари ва иккинчи муддати эҳтимоли ҳақида гапирди
14:58 / 03.01.2025