Жаҳон | 17:20 / 11.01.2026
6070
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Европа давлатлари Гренландияга НАТО қўшинини жойлаштирмоқчи

Бу орқали Трампни оролни аннексия қилиш фикридан қайтаришга умид қилинмоқда.

Guglielmo Mangiapane / Reuters / Scanpix / LETA

Буюк Британия ҳукумати Европадаги иттифоқчилар билан Гренландияда НАТО ҳарбий контингентини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда, бундай қадам АҚШ президенти Доналд Трампни оролни аннексия қилиш ғоясидан воз кечишга кўндиришига умид қилинмоқда, деб ёзади The Telegraph.

Газета маълумотига кўра, бу масала НАТОга аъзо бўлган давлатларнинг 8 январ куни Брюсселда ўтказилган учрашувида кўриб чиқилган. Учрашув иштирокчилари НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари бош қўмондонлигига Арктика хавфсизлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўриш мумкинлигини белгилаб олишни топширган.

The Telegraph манбаларига кўра, эҳтимолий амалиёт режалаштиришнинг дастлабки босқичида турибди. У Гренландияни Россия ва Хитой таҳдидларидан ҳимоя қилиш учун қўшинларни тўлиқ миқёсда жойлаштиришни, шунингдек, кичик ҳарбий машғулотлар, разведка маълумотлари алмашиш, ҳарбий имкониятларни ривожлантириш ва мудофаа харажатларини қайта тақсимлашни ўз ичига олиши мумкин.

Ҳар қандай операция, катта эҳтимол билан, НАТО шафелигида амалга оширилади ва Болтиқбўйи мамлакатлари ва Полшадаги мавжуд миссиялардан алоҳида бўлади.

The Telegraph суҳбатдошларига кўра, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Арктикада Россия ва Хитой таҳдидига «ўта жиддий» муносабатда ва чоралар кўриш зарурлигига қўшилади. Шунингдек, манбаларнинг айтишича, Британия қуролли кучлари аллақачон минтақа хавфсизлигини таъминлашда фаолроқ рол ўйнашга тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, The Telegraph’га маълум бўлишича, Трамп НАТО кучларини жойлаштириш таклифини рад этган тақдирда Европа Иттифоқи Америка компанияларига қарши санкциялар қўллаш бўйича режалар ишлаб чиқмоқда. Бу ҳолда Meta, Google, Microsoft ва Х, шунингдек, Америка банклари ва молия компаниялари Европада ишлашда чекловларга дуч келиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид