Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия дрони Руминиядаги уйга келиб урилди
НАТО «иттифоқчилар ҳудудининг ҳар бир дюймини ҳимоя қилиш»га ваъда бермоқда. Европа Иттифоқи санкциялар тайёрламоқда.
Daniel Mihailescu / AFP / Scanpix / LETA
29 майга ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига учирган дронлардан бири НАТОга аъзо бўлган Руминия ҳаво ҳудудига кириб келди. Дрон мамлакат жануби-шарқидаги Галац шаҳридаги 10 қаватли турар жой биноси томига қулаган ва портлаган. Икки киши жароҳатланган. Уйда яшовчи 70 га яқин киши эвакуация қилинган.
Руминия мудофаа вазирлиги маълум қилишича, уйга тушган учувчисиз аппарат «Геран-2» (Эрон етказиб берган «Шаҳид»нинг русча модификацияси) экани аниқланган. Руминия прокуратураси мулкни йўқ қилиш ва қотилликка уриниш моддалари бўйича иш қўзғатди.
Romanian Department for Emergency Situations
Руминия Ташқи ишлар вазирлиги воқеани Россия томонидан «жиддий ва масъулиятсиз эскалация» деб атади ва Россия элчисини чақиртирди. «Бундай воқеалар Россия Федерациясининг халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилмаслигини кўрсатади ва нафақат Руминия фуқароларининг хавфсизлигини, балки НАТОнинг коллектив хавфсизлигини ҳам хавф остига қўяди», – дея ТИВ баёнотидан иқтибос келтиради Руминиянинг Digi24 нашри. Ташқи ишлар вазирлиги НАТОдан мамлакатга дронларга қарши кураш воситаларни етказиб беришни тезлаштиришни сўрашини ҳам қўшимча қилган.
Румин ҳарбийлари мамлакат ҳаво ҳудудига кирган дрон кузатиб борилгани ва ҳарбий авиацияни ҳавога кўтарилганини маълум қилди. Бироқ дрон уриб туширилмаган. Мудофаа вазирлиги брифингда буни ҳарбийлар бошқа давлатнинг ҳаво ҳудудига таъсир қилиши мумкин бўлган тарзда ўт очиши мумкин эмаслиги билан изоҳлаган. Бундан ташқари, бригада генерали Георге Максимнинг тушунтиришича, «ҳарбийлар ихтиёрида бўлган тўрт дақиқа жуда камлик қиларди».
Руминия президенти Никушор Дан дрон қулашини «Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкор уруши бошланганидан бери мамлакат ҳудудига таъсир қилган энг жиддий ҳодиса» деб атади. Reuters маълумотларига кўра, катта уруш бошланганидан бери Украинага ҳужум қилаётган Россия дронлари Руминия ҳаво ҳудудига камида 28 марта учиб кирган. Шундай дронлардан бири 25 апрел куни Галац шаҳри ҳудудига қулаган, бироқ ўшанда одамлар жабрланмаганди.
«Биз Россия Федерациясига нисбатан мутаносиб чоралар кўрамиз», – дейди Дан. Кейинроқ у Руминия Россиянинг Констанцадаги бош консулхонасини ёпиб, бош консулни чиқариб юбораётганини маълум қилди.
Daniel Mihailescu / AFP / Scanpix / LETA
Руминия президенти НАТО бош котиби Марк Рютте билан воқеани муҳокама қилди. Алянс раҳбари НАТО «иттифоқчилар ҳудудининг ҳар бир дюймини ҳимоя қилишга тайёр» эканини айтди. «Россиянинг ақлсиз хатти-ҳаракатлари барчамиз учун хавф туғдирмоқда», – дея қайд этган Рютте.
НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари ҳам Россия томонидан Европа хавфсизлигига таҳдид солинаётганини таъкидлаб, Руминияни қўллаб-қувватлашини билдирди. Словакия бош вазири Роберт Фицо эса «Европа Иттифоқи ва Россия Федерацияси ўртасидаги мулоқотни зудлик билан бошлаш»га чақирди.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Россия ўзининг тажовузкор урушида «навбатдаги чегарадан ўтгани»ни айтди ва 21-санкциялар пакети тайёрланаётганини эслатди.
Украина президенти Володимир Зеленский Еврокомиссия раисининг Х ижтимоий тармоғидаги постига муносабат билдирди. «Биз ушбу вазиятда Руминияни ҳар қандай йўл билан қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», – деган у. Украина президенти Европа Иттифоқининг янги санкциялари «ҳақиқатан ҳам қаттиқ бўлиши ва Россияни унинг зарбалари Россиянинг ўзи учун катта йўқотишларга олиб келишини англашга мажбур қилиши»га ишонч билдирган.
Россия томонидан ҳозирча ҳолат юзасидан батафсил изоҳ берилмади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг саволига жавобан, Путин воқеадан хабардор қилинганини айтиш билан чекланди. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев эса «Руминиядаги уйга кимнинг дрони қулаганини аниқлаш кераклиги»ни айтди ва Европа Иттифоқи мамлакатларига «чакагини ёпиш»ни маслаҳат берди.