Жаҳон | 10:44 / 28.05.2021
7120
6 дақиқада ўқилади

Данияда ўқиш учун виза қандай олинади? (фото)

Дания (расмий номи Дания Қироллиги) дунёда таълим сифати энг юқори бўлган давлатлардан бири. Жумладан, 2021 йил ҳолатига кўра, Данияда мавжуд 8та университетнинг 7таси THE (Times Higher Education) рейтинги бўйича дунёнинг энг кучли 800 олийгоҳи рўйхатидан жой олган. Университетлардан ташқари, мамлакатда 30га яқин санъат институтлари, академиялар, университет-коллежлар каби олий таълим муассасалари мавжуд.

Рафиқамнинг Данияда таҳсил олиши ортидан ярим йилдан ортиқ мазкур мамлакатда истиқомат қилганмиз. Ушбу мақола орқали Данияда ўқиш учун виза олиш қандай тартибда кечиши ҳақида маълумот бермоқчиман.

Дания ОТМларидан бирига қабул қилинган ўзбекистонлик талабалар қандай қилиб Данияга ўқишга бориши, виза ва яшаш рухсатини (residence permit) олишини кўриб чиқамиз. Таъкидлаш жоизки, талаба сифатида қабул қилинсангиз, сиз яшаш рухсатига ҳужжат топширасиз ва бу рухсат билан бирга автоматик тарзда сизга 6 ойлик муддатга Д виза (узоқ муддатли виза) ҳам берилади.

New to Denmark сайти: ўқиш учун виза олишга оид саҳифа

1. Талаблар

Дания талаба визасини олиш учун номзод қуйидаги асосий талабларга мос бўлиши керак:

  • Бирор олийгоҳга қабул қилинган бўлиши,
  • таълим тилини етарли даражада билиш (инглиз, дат, немис, норвег ёки швед),
  • ўзи ва оиласини (агар бирга борса) бутун ўқиш давомида таъминлаш учун етарли маблағга эга бўлиши керак. Бу маблағ, 2021 йил ҳолатига кўра, бир киши учун ойига 6321 крона (тахминан 1040 АҚШ доллари)ни ташкил этади.
  • 18 ёшга тўлмаган бўлса, ота-онасидан фарзандининг Данияда ўқишига розилик баёноти ҳам талаб этилади. 
Виза ва яшаш рухсати аризасини топшириш учун 2000 крона бадал New to Denmark сайтида онлайн тарзда тўланади.

2. Ҳужжатлар

Топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони у қадар кўп эмас. Улар қуйидагилар:

  • Ариза топшириш бадали тўлангани ҳақидаги чек (2021 йил учун 2000 крона, тахминан 329 доллар).
  • Паспортнинг барча саҳифалари нусхаси (рангли).
  • Даниядаги ОТМдан қабул хати.
  • Ўзингизни таъминлай олишингизга далил ҳужжат (бу банк ҳисобрақамингиздаги маблағлар ҳақида маълумотнома ёки грант ютиб олганингиз тўғрисидаги хат ёки шу каби бошқа ҳужжат бўлиши мумкин.
  • Тўлдирилган ариза шакли. Бу шаклни New to Denmark сайтидан топасиз.
  • Биометрик расм ва бармоқ излари. Булар Виза аризалари марказида олинади (Москвада).

Оила аъзоларингизни бирга олиб келсангиз, улардан ҳам шу ҳужжатлар талаб этилади, университет қабул хати бундан мустасно. Яна оила аъзосилигингизни исботловчи ҳужжат ҳам топширилиши керак (никоҳ гувоҳномаси, фарзандларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва ҳ.к.).

Москвадаги Виза аризалари марказининг Данияга виза олиш ҳақидаги саҳифаси

3. Ҳужжатларни топшириш

Ҳозирда Ўзбекистонда Дания элчихонаси ёки консуллиги мавжуд эмас. Ўқиш учун виза ва яшаш рухсатига ҳужжатларни Россиянинг Москвадаги Виза аризалари марказига бориб топшириш керак бўлади. Қозоғистонда Дания виза маркази бор, у фақат қисқа муддатли визаларни беради, талаба визасини у ердан ололмайсиз.

Россиядаги Дания элчихонаси сайтидаги хабар: унда ўзбекистонликлар узоқ муддатли виза ва яшаш рухсати учун ҳужжатларини Москвадаги Виза аризалари марказига (VFS) топшириши кераклиги айтилган.

Бу учун аввал Виза аризалари марказида учрашув белгилайсиз. Сўнг шу учрашув санасида марказга бориб, марказда тақдим этиладиган аризани тўлдириб, 2-бандда кўрсатилган олдиндан тайёрланган ҳужжатларни топширасиз. Марказда сизни расмга олишади ва бармоқ изларингизни ҳам топширасиз.

Шунингдек, ҳужжатларни топширгандан сўнг Москвадаги Дания элчихонасида суҳбатдан ҳам ўтишингиз керак. Суҳбатда тил билиш даражангиз текширилади ва дўстона, умумий мавзуларда бўлади. Суҳбат кунини ҳам Виза аризалари маркази орқали белгилашингиз мумкин. Масалан, суҳбатни марказга ҳужжатларни топширган кунингизнинг эртасига белгиласангиз бўлади. 

4. Визани урдириш ва яшаш рухсати хатини олиш

Виза жавоби одатда 2 ой ичида чиқади. Виза чиққанда Москвадаги Дания элчихонаси сизга бу ҳақда хабар қилади. Сўнг визани урдириш учун учрашув белгилайсиз ва белгиланган санада борасиз. Элчихона паспортингизга Д визасини уриб беради ва яшаш рухсати ҳақида хатни ҳам топширади.

Д визанинг муддати – 6 ой. Бу виза билан Данияга бориб, яшаб турган шаҳрингизнинг яшаш рухсати картасини олиш учун маҳаллий ҳокимиятга рухсат хатини топширасиз ва керакли ҳужжатларни тўлдирасиз. Улар эса тайёр бўлган картани почта орқали Даниядаги яшаш манзилингизга юборади.

Яшаш рухсати одатда ўқиш муддатидан 6 ой кўп муддатга берилади. Бунда визангизнинг муддати тугаса, ҳеч нарса қилишингиз шарт эмас. Яшаш рухсати билан бемалол юраверасиз. Ва яна бир қулай жиҳати шуки, яшаш рухсатини то ўқишингиз тугагунига қадар янгиламасангиз ҳам бўлади.

Данияда ўқиш учун виза ва яшаш рухсатини олиш тартиби ва жараёни ҳақида New to Denmark ва Москвадаги Виза аризалари маркази сайтидан батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Мақсуд Саломов,

UzbekLife’нинг Испаниядаги колумнисти

Мавзуга оид