Ўзбекистон | 12:23 / 29.08.2022
27110
2 дақиқада ўқилади

Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги вазири лавозимини эгаллайди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Азиз Воитовнинг номзоди маъқулланди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.

2022 йил 29 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Азиз Воитов номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади.

Азиз Воитов 1980 йилда туғилган, Тошкент молия институтини «Солиқ ва солиққа тортиш» мутахассислиги бўйича битирган (2001) ҳамда Олий ишбилармонлик мактабида «Бизнес бошқаруви» бўйича таҳсил олган (2010).

Воитов ўз вақтида «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» АТБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. 2020 йил март ойида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

2022 йил июл ойи ўрталарида қишлоқ хўжалиги вазири сифатида ишлаган Жамшид Хўжаев инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланганди

16 июл куни унинг номзоди Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланганидан сўнг президент фармони билан расман ушбу лавозимга тайинланди.

Мавзуга оид