Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг Исроил ва Ҳамасга босими: Ғазода 60 кунлик сулҳ кучга кирадими?
Исроил Ғазода 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича «зарур шартларга» рози бўлди. Доналд Трампга кўра сулҳга ҳозирча жавоб бермаган Ҳамас учун бундан «яхшироқ» келишув бўлмайди. Лекин бу сафар ҳам эски тўсиқ — доимий сулҳ кафолати очиқ қолмоқда. Исроил босқини оқибатида ўн минглаб яқинларини йўқотган фаластинликлар эса Трампнинг таклифини умид ва шубҳа билан қарши олди.
Фото: Jack Guez / AFP / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил Ғазода 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун «зарур шартларга» рози бўлганини билдирди. Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, ушбу сулҳ доирасида «урушни тўхтатиш учун барча томонлар билан ишлайди», бироқ айнан қандай шартлар назарда тутилгани очиқланмади.
«Сулҳ бўйича якуний таклифни Қатар ва Миср етказади. Умид қиламанки, Ҳамас бу келишувни қабул қилади, чунки ундан яхшиси бўлмайди — фақат ёмонлашади», - деган Трамп.
Трампга кўра, бу келишувнинг асоси шундай: 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш даврида Исроил ва Ҳамас урушни доимий тугатиш бўйича музокараларни бошлайди. Бу айнан ўтмишда сулҳ ҳаракатларини барбод қилган асосий тўсиқлардан бири эди.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Данни Даноннинг сўзларига кўра, Исроил сулҳга «бутунлай тайёр», аммо Ҳамас бу таклифни қабул қиладими-йўқми — бу ҳозирча мавҳум. Трамп яқин кунларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашиши арафасида бу баёнотни берди. У «Нетаняҳу сулҳ истаётганига» ишонса-да, Ҳамас ҳануз музокараларда қатнашмаяпти.
«Уруш фақат гаровдагилар уйга қайтгандагина тугайди», - деди Данон BBC’га берган интервюсида. Ҳозирда Ғазода 50 га яқин исроиллик гаровда, улардан камида 20 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.
Нега аввалги сулҳ таклифлари қўллаб-қувватланмаган?
Axios нашрига кўра, Трамп бу ҳақдаги баёнотни унинг вакили Стив Уиткофф ва Исроилнинг стратегик ишлар вазири Рон Дермер билан Оқ уйда бўлган суҳбатдан сўнг эълон қилган. Улар Қатар томонидан таклиф этилган янгиланган сулҳ ва асирлар алмашуви режаси ҳақида муҳокама қилишган.
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги аввалги музокаралардаги асосий тўсиқ – доимий сулҳ кафолати бўлиб келган. Ҳамас ҳар қандай вақтинчалик сулҳ Исроилнинг урушни тугатиши ва қўшинларини Ғазодан бутунлай олиб чиқиши билан якунланишини талаб қилаётган бўлса, Исроил бу кафолатни беришни рад этмоқда. Нетаняҳу жорий йил январ ойида келишилган уч босқичли сулҳ режасидан воз кечиб, баҳорда Ғазони яна бомбардимон қилишни бошлаган.
Бундан ташқари, Исроил Ҳамас қуролсизланиши, Ғазодаги назоратни топшириши ва раҳбарларининг ҳудуддан чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Ҳамас эса буни «қизил чизиқ» деб атаган, Исроил истилоси давом этаётган бир вақтда ҳеч қачон қурол топширмаслигини билдирган.
Исроил амалдорлари сулҳни қўллаб-қувватламоқда
Исроил Трампнинг гапларини расман тасдиқламаган бўлса ҳам, Нетаняҳу аллақачон АҚШ томонидан март ойида таклиф этилган 60 кунлик сулҳ режасини қабул қилган эди.
Исроил матбуотига кўра, Нетаняҳу сўнгги 20 ой ичида илк бор урушни тугатиш бўйича музокаралар ўтказишга тайёр эканини билдирди. Нетаняҳу бунгача Исроилнинг бир неча мақсадлари борлигини ва уруш фақат «тўлиқ ғалаба» билан тугашини такрорлаб келган эди.
Трамп эълон қилган ушбу сулҳ келишуви бўйича Исроилда аллақачон кенг муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар мазкур келишув вазирлар маҳкамаси ичида ҳам, жамоатчилик орасида ҳам кенг қўллаб-қувватланаётганини билдирган.
Шунингдек, мухолифат етакчиси Яир Лапид ҳам келишувни қўллаб-қувватлаб, Нетаняҳуга уни имзолашда сиёсий таянч сифатида ёрдам беришини маълум қилган.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса Ғазода гаровда ушлаб турилган фуқароларни озод қилиш имкониятини бой бермаслик кераклигини айтган.
Ғазо: эҳтиёткор умид ва чуқур шубҳа
Трамп баёноти Исроил Ғазонинг шимолий ҳудудларидан тинч аҳолини эвакуация қилишни бошлаган ва Ғазодаги геноцид яна авж олган кунларда янграмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани бўйича ўринбосари Холид Хиарининг таъкидлашича, Исроил қарийб 80 кундан бери Ғазога гуманитар ва тижорат ёрдамларининг кириб келишига тўсқинлик қилмоқда. БМТ вакилига кўра, 17 июндан бери Исроил ва АҚШ бошчилигидаги Ғазо гуманитар жамғармаси ёрдам карвонларига етиб боришга ҳаракат қилган камида 580 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Исроил армияси шу ҳафтада гуманитар ёрдам марказларига яқинлашган тинч аҳолининг «зарар кўрганлик ҳолатларини» текширишини билдирган. Бу марказлар АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган Гуманитар жамғарма томонидан бошқарилади, бироқ юздан ортиқ халқаро ташкилотлар бу гуруҳни ёпишни талаб қилмоқда.
Al-Jazeera нашрининг ёзишича, Ғазода Трамп томонидан таклиф этилган сулҳ ҳақидаги эълон «эҳтиёткор умид ва чуқур шубҳа» билан қарши олинди.
«21 ойдан ортиқ давом этаётган кенг кўламли вайронагарчилик, оммавий кўчиш ва бомбардимонлардан сўнг бу ерлик фаластинликлар ҳар қандай ҳужумлардан танаффус бўлишини интизорлик билан кутишмоқда.
Бироқ бу умидни аввалги аччиқ тажрибалар сўндирмоқда. Бунгача ўтказилган сулҳ музокаралари такрор-такрор натижасиз якунланган ва кўплаб фаластинликлар Трампнинг бундай баёнотларини илгари ҳам эшитганини таъкидлашмоқда» дейди нашр.
Шунга қарамай, ҳозирда улар Трампнинг Ҳамас ва Исроилни сулҳга эриштириш учун жиддий босим ўтказишга уринаётганига ишонмоқда.
Ҳозирча Исроил бу келишувни омма олдида тасдиқламаган, Ҳамаснинг сукут сақлаётгани эса ноаниқликни янада кучайтирмоқда.
Фаластинликлар орасида ҳукм сураётган асосий кайфият шуки: улар душманликни тўлиқ ва ҳар томонлама камайтириш ва ўзларининг оғир гуманитар аҳволини енгиллаштиришни исташмоқда. Бу эса доимий сулҳсиз имконсиз.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 56 647 нафарга етди. Сўнгги 24 соат ичида эса яна 116 фаластинлик ҳалок бўлган, 463 киши жароҳат олган.