Жамият | 17:50 / 05.04.2022
16546
3 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йилидан инглиз тилидан бошқа фан ўқитувчиларини ҳам рағбатлантириш тизими жорий этилади

Президент келгуси устувор вазифаларни белгилаб берди.

Энг аввало, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланади.

Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун:

  • 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;
  • ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;
  • хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилади;
  • мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

Юқоридаги янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

Президент бу борада Қорақалпоғистон ва Самарқанд тажрибасини кўрсатиб ўтди.

Мисол учун, Қорақалпоғистондаги мобил гуруҳлар бир ой давомида жойида муаллимларни ўқитгани натижасида уларнинг билим ва кўникмалари 15 фоизга яхшиланган.

Самарқандда 420 нафар илғор педагоглар танлаб олиниб, мобил гуруҳлар вилоятнинг 9 минг нафар ўқитувчилар малакасини оширишни бошлаган. 

Авлоний институти Республика миллий таълим маркази сифатида қайта ташкил этилади ва Тошкент давлат педагогика университети билан ягона тизимга айлантирилади. 

Умуман, янги методикаларга ўқитиш тизими Миллий таълим маркази ва Тошкент давлат педагогика университетидан бошланади. 

Университет Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтади, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантирилади.

Ҳудудларда фаолият юритаётган педагогика олийгоҳлари босқичма-босқич университетлар таркибидан алоҳида ажратиб чиқарилади ва мустақил таълим даргоҳига айлантирилади.

Йиғилишда ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш орқали таълим сифатини кескин ошириш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.

Мисол учун, ўтган йили халқаро сертификатни олган чет тили ўқитувчиларини рағбатлантириш тизими жорий қилингани натижасида Навоий, Наманган ва Сурхондарёда малакали ўқитувчилар сезиларли даражада ошган.

Мутасаддиларга бу тажрибани янги ўқув йилидан бошлаб математика, кимё, физика, биология ва ахборот технологиялари фанларига ҳам жорий этиш топширилди.

Мавзуга оид