Жамият | 11:53 / 01.04.2026
10089
2 дақиқада ўқилади

Сардор Мамадалиев муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Хонанда марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг бир нечта қўшиғини мерос бошқарувчисидан рухсат олмаган ҳолда омма олдида ижро этган. Суд унга 8 млн 240 минг сўм жарима қўллади.

Фото: YouTube

Сардор Мамадалиевга муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жарима қўлланди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, хонанда 2025 йил сентябр ойида Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳудудида марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг “Кўрмишам”, “Бандаман” ҳамда “Карвон” қўшиқларини омма олдида ижро этган. Шунингдек, у ўз ижросини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган.

Сардор Мамадалиев бунинг учун Шерали Жўраевнинг асарларига нисбатан меросхўр ва мерос бошқарувчиси ҳисобланган Г.Жўраева билан шартнома тузмаган ёки унинг рухсатини олмаган. 

Ҳолат юзасидан Адлия вазирлигининг Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи томонидан хонандага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Хонанда ўз кўрсатувида ушбу ҳаракатлари ҳуқуқбузарлик эканини билмаганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.  

Шерали Жўраевнинг “Кўрмишам”, “Бандаман” номли мусиқий асарларни омма олдида ижро этиб, барчанинг эътиборига етказдим. Лекин “Карвон” номли қўшиқни шоир Усмон Азимдан рухсат олган ҳолатда мусиқасини ўзим алоҳида басталаб куйладим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бошқа ушбу ҳолатни такрорламайман”, деган у.

ЖИБ Чуст туман судининг қарори билан Сардор Мамадалиев муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилди. Унга БҲМнинг 20 баравари, яъни 8 млн 240 минг сўм жарима жазоси тайинланди. 

Сардор Мамадалиев аввалроқ рулда камар тақмагани учун жаримага тортилганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид