Ўзбекистон | 23:41 / 30.07.2019
252527
6 дақиқада ўқилади

Ҳукумат 15 августдан бошлаб ёқилғи, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун нарх ва тарифларни оширди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 июль куни «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларни ўзгартириш тўғрисида»ги №633-сонли қарори имзоланган.

Унга кўра, 15 августдан бошлаб:

  • Аи-80 маркали автомобиль бензинининг чакана нархи — бир литри учун 4500 сўм (4000 сўм эди);
  • Дизель ёқилғисининг чакана нархи — бир литри учун 5400 сўм (4800 сўм эди);
  • ЭКО дизель ёқилғисининг чакана нархи — бир литри учун 5700 сўм (4900 сўм эди) қилиб белгиланмоқда.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ учун белгиланган тарифлар ва нархлар ҳам оширилмоқда.

Ёдингизда бўлса, ҳукуматнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги №897-сонли қарорига мувофиқ, 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб аҳоли учун табиий газ нархининг оширилишини тасдиқланган, нархлар 2019 йилда яна бир марта оширилишини белгилаган эди.

2019 йил 1 июндан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ва электр энергияси учун нархлар оширилиши назарда тутилганди. Унга кўра, маиший истеъмолчилар учун 1 метр куб табиий газнинг нархи ҳозирги 320 сўмдан 350 сўмгача, электр энергиясининг 1 киловатти ҳозирги 250 сўмдан 280 сўмгача ошиши керак эди.

Кейинчалик ҳукумат қарорида кўзда тутилганидек, 1 июндан табиий газ ва электр энергиясининг нархи ошмайдиган бўлди.

«Табиий газ ва электр энергиясига белгиланган нархлар оширилади, лекин 1 июндан эмас. Биз нарх оширилишини вақтинча тўхтатиб қўйдик»,деган эди Молия вазирлигидагилар.

Марказий банк ўз хабарида июнь ойидаги электр энергияси ва табиий газга аввалдан белгиланган нарх оширилиши инфляциянинг пасайишини тўхтатувчи омил бўлиб хизмат қилишини айтган эди.

«2019 йилда инфляция суръати тезлашишининг асосий хатарлари иқтисодиётда юқори инфляцион кутилмаларнинг сақланиб қолиши, ҚҚС бўйича янги тўлов механизмининг жорий этилиши ҳисобига алоҳида товар ва хизматлар нархларининг ўсиши, шунингдек, энергия ресурслари нархлари оширилишининг иккиламчи таъсири кўламининг кенгайиш эҳтимолининг мавжудлиги билан боғлиқ», — дейишганди январда Марказий Банкдагилар.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

«Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.

Шу боис, мутахассислар ва халқ вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда тарифларни тартибга солиш бўйича таклиф этилаётган ислоҳотларни аҳолига тўлиқ етказиш зарурлиги таъкидланган. Солиқ ислоҳотларини тарғиб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари, иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддилари жойларга бориб, ҳар бир маҳаллада аҳолига тарифлар ўзгаришининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган №633-сонли қарорига кўра, 2019 йил 15 августдан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурсларига янги нархлар ва тарифлар белгиланган.

Эътиборлиси, аҳолига тарқатиладиган электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг нархи 1 июнда ошиши керак бўлган миқдордан ҳам кўпроққа оширилган.

I – IV гуруҳдаги истеъмолчилар учун электр энергияси нархи (кВт-соат)

1.1. I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун — 450 сўм (250 сўм эди);

1.2. III гуруҳ истеъмолчилари учун, жумладан аҳоли учун — 295 сўм (125 сўм эди);

IV гуруҳ истеъмолчилари учун — 450 сўм (350 сўм эди);

Президентнинг 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379 сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар учун — 450 сўм (365 сўм эди).

Табиий газ (метр куб)            

2.1. Аҳолига коммунал-маиший эҳтиёжлар учун, идоравий ва муниципал турар-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари, аҳолини табиий газ билан таъминловчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, турар жой хоналари иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш учун газ ҳисобини юритувчи асбобга эга локал қозонхоналар учун — 380 сўм (320 сўм эди);

2.2. Аҳолига коммунал-маиший эҳтиёжлар учун газ ҳисобини юритувчи асбобга эга бўлмаса:

  • Овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун — 660 сўм (553 сўм эди);
  • Иситиш учун — 380 сўм (320 сўм).

2.3. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (шунингдек, ўз балансида автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари бўлган юридик шахслар) учун — 1000 сўм (800 сўм эди);

2.4. Президентнинг 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379 сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар учун — 1000 сўм (1000 сўм эди).

2.5. Бошқа улгуржи фойдаланувчиларга — 660 сўм (600 сўм эди).

Аҳолига рўзғорда фойдаланиш учун реализация қилинадиган суюлтирилган газ (кг)1120 сўм (950 сўм эди).

Мавзуга оид