27 май куни, РФ президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Жиззахда атом электр станцияси қуришдаги ҳамкорликка оид ҳукуматлараро битимга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.

Шунингдек, “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирекцияси” ДУК ва “Росатом” тузилмасидаги “Атомстройэкспорт” АЖ инжиниринг компанияси ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича шартнома тузилди.

“Ўзатом” хабарига кўра, имзоланган келишувларга асосан, Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси асосида 330 MW қувватга эга (ҳар бири 55 MW қувватли 6 та реактордан иборат) АЭС қурилади.

Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи бўлади, қурилишга маҳаллий компаниялар ҳам жалб этилади.

Фото: “Ўзатом”

“Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистонда энергия ресурсларига бўлган талаб 2050 йилга бориб деярли 2 баробарга ошиши тахмин қилиняпти.

“Энергетика тизимининг барқарор ишлаши ва иқтисодиёт ўсиши учун мамлакатимиз ўзини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ташқари, базавий энергия манбалари билан ҳам таъминлаши керак. Бутун дунёда биз янги ядро қувватларини яратишга – ҳам юқори қувватли атом электр станциялари, ҳам кичик модулли реакторлар лойиҳаларига қизиқиш ортиб бораётганини кўрмоқдамиз. “Росатом” билан ҳамкорликни кенгайтириш эса энергетика комплексимизни атом энергетикаси соҳасидаги илғор технологиялар билан мустаҳкамлаш имконини беради, деб ҳисоблаймиз”, – деди Аҳмадхўжаев.

“Росатом” директори Алексей Лихачевнинг сўзларига кўра, унинг раҳбарлигидаги корпорация кам қувватли АЭС лойиҳасини қуриш бўйича экпорт шартномасини тузган жаҳондаги биринчи компания бўлган.

“Ва бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз зудлик билан шу ёзда қурилишни бошлаймиз”, – деди Лихачев.

Расмий хабарда айтилишича, АЭС учун танланган майдонда текширув ишлари ўтказиб бўлинган, жойнинг мақсадга мувофиқлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу эса лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли қисқартиради.

“Танланган майдонда қурилиш ишлари жорий йилнинг ёзидаёқ бошланади”, – дейилади “Ўзатом” ахборотида.