Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Жиззахда янги йўл ўтказгич ва АЭС лойиҳалари билан танишди
2 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюриб, вилоят марказини М-39 халқаро автомобил йўли билан боғловчи янги йўл ўтказгич ва автомобил йўли қурилиши, атом электр станцияси ҳамда шаҳарни ривожлантириш бўйича реновация лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари ташрифини замонавий йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишишдан бошлади. Вилоят марказини М-39 халқаро автомобил йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобил йўли қурилди.

Янги йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга. Илгари аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур бўлган бўлса, янги иншоот туфайли бу масофа 4 километргача қисқарди, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилди.
Металл конструкциялар асосида барпо этилган ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Бу анъанавий темир-бетон ўтказгичларга нисбатан икки баробар узоқ муддатдир. Шунингдек, эндиликда поездлар ўтганда автомобиль ҳаракати тўхтаб қолмайди, тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматлар ҳаракати енгиллашади.

Ташриф доирасида президентга Жиззах вилоятида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси тақдим этилди. Иккита кам қувватли ва иккита катта реактордан иборат АЭС учун котлован қазиш, қурилиш-монтаж базасини тайёрлаш, қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрлаш режалари ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, АЭСдан 16 километр узоқликда 10 минг кишига мўлжалланган моношаҳарча қуриш, унда зарур инфратузилма ва ижтимоий объектлар барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.


Президент Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш, эски уй-жойлар ўрнида қулай турар-жойлар барпо этиш, IT-марказ, ҳунармандчилик маркази ташкил этиш ва гавжум кўчаларни тартибга келтириш бўйича мастер-режа тақдимоти билан ҳам танишди.
– Жиззахга келишимиздан мақсад – вилоятнинг янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва рўёбга чиқариш. Бугунги Жиззах – кечаги Жиззах эмас. Шу имкониятларни аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, – деди президент.

Тақдимотлар якунида мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
18:29 / 04.12.2025
Гулистондаги портлашда ҳалок бўлганлар оиласига 100 млн сўмдан берилади
17:56 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида «Султонҳовуз» сув омбори қурилади
15:09 / 04.12.2025