Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Саддам ва Қаззофий ядро қуроли бўлмагани учун йиқитилган эди” – Раббимов
АҚШ–Саудия муносабатларида ядровий битимнинг пайдо бўлиши – айниқса Исроил учун яхши янгилик эмас. Чунки АЭСга эга бўлишни ядро қуроли томон қўйилган биринчи қадам деб ҳисобловчилар бор. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов ушбу мавзуда сўз юритди.
Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг Оқ уйга ташрифи доирасида АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида фуқаролик мақсадларига қаратилган ядровий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув бўйича музокаралар якунланиб, тегишли декларация имзоланди.
Бу келишувни “Ар-Риёд ҳам келгусида ядро қуроли учун замин тайёрламоқчи” деб талқин қилиш мумкинми?
Шавкат Икромов, Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт:
— Саудия Арабистонининг АҚШ билан ядро технологиялари бўйича ҳамкорликка интилаётгани – ташриф давомида энг кўп эътибор қаратилган масалалардан бири бўлди. Чунки ташрифдан аввал ҳам Саудия фуқаролик мақсадларида ядро технологияларини ривожлантиришга катта сармоя киритишга тайёр экани айтилган эди. АҚШнинг 1954 йилдаги “Атом энергияси тўғрисида”ги қонунининг 123-бандида қоидалар мавжуд. Унга кўра, Қўшма Штатлар бошқа давлатларга фуқаролик йўналишидаги ядро технологияларини ривожлантиришда ёрдам кўрсатиши мумкин. Аммо шу бандда уранни бойитиш жараёни ҳарбий мақсадларга – хусусан, ядро қуроли яратишга йўналтирилиши аниқланса, ҳамкорлик тўхтатилиши шартлиги қатъий белгиланган.
Шунингдек, 123-банд АҚШга Саудия Арабистони ҳудудида ядро объектларини ёки ҳатто ядро каллакларини жойлаштириш имкониятини ҳам назарий жиҳатдан беради. Бироқ бу масала амалий даражада кун тартибида тургани аён эмас. Саудия Арабистонининг ўзи ҳам ҳозир минтақавий хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳарбий салоҳиятини оширишга интилаётгани сир эмас. Риёднинг амбициялари – қирувчи самолётлар хариди, мудофаа тизимини кучайтириш, Исроил, Эрон ва Туркия билан мураккаб муносабатлар фонида стратегик имкониятларни кенгайтиришдан иборат.
Шу билан бирга, Саудиянинг “Нигоҳ 2030” дастури экологик тоза иқтисодиётни ривожлантириш, барқарор энергия манбаларига ўтиш ва ҳарбий соҳани ҳам замонавий, хавфсиз технологиялар асосида қайта қуришни кўзда тутади. Шу боис ядро қуроли яратиш ушбу тамойилларга мос келмайди ва расмий ҳужжатларда бундай мақсад қўйилмаган.
Шунга қарамай, айрим экспертлар Саудия Арабистони Исроил билан ядро дастури бўйича ҳамкорлик эҳтимолини ҳам кўриб чиқаётгани, ёки ҳеч бўлмаса бу мавзуда маслаҳатлар бошланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Саудия Арабистони ҳозирча фақат фуқаролик мақсадларида уранни бойитиш ва ядро технологияларини ривожлантириш учун АҚШ билан ҳамкорликка интилмоқда. АҚШ қонунчилигида бунга имкон берадиган меъёр мавжуд. Аммо ҳамкорлик фақат тинч мақсадларда давом эттирилиши белгиланган: ҳарбий йўналиш, айниқса ядро қуроли яратиш бўйича ҳаракатлар эса ҳамкорликни зудлик билан тўхтатади.
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:
— Ҳозир Яқин Шарқда ядро қуролига эга ягона давлат – Исроил. Ундаги ядро каллакларининг аниқ сони номаълум, у ҳеч қачон расмий синов ҳам ўтказмаган. Бироқ ядровий потенциал мавжудлиги ҳақида халқаро ҳамжамиятда шубҳа йўқ. Бу имкониятнинг шаклланишида Франциянинг де Голл давридаги ёрдами муҳим рол ўйнаган.
Ядро қуролига эга бўлиш бугунги халқаро сиёсатда ўзига хос “кафолат” вазифасини бажармоқда. Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий ва Ироқ етакчиси Саддам Ҳусайн ядро қуролига эга эмас эди ва улар ҳокимиятдан ағдарилди. Аммо Шимолий Корея ядровий арсеналга эгалиги учун унга қарши кескин чора кўрилмаяпти – у провокация қилса ҳам, минтақада миллионлаб инсонлар ҳаётига хавф туғдириши сабабли давлатлар эҳтиёткорлик билан ёндашади.
Ядро қуролига эга бўлиш жараёни жуда соддалаштирилган ҳолда уч босқичдан иборат. Биринчи қадам – тинч мақсадлар учун атом электр станцияларини қуриш ва ядровий технологияларга эгалик қилишдир. Бугунги кунда Яқин Шарқда Исроилдан ташқари бир нечта давлат айнан шу йўналишда фаол ҳаракат қилмоқда: булар Эрон, Туркия ва Саудия Арабистони. Эрон – глобал ҳамжамият розилигисиз ядровий дастур юритгани учун санкциялар остида. Туркия – Россия билан ҳамкорликда Аккую атом электр станциясини барпо этмоқда. Анқара ва Москва ўртасидаги муносабатлар кескинлашган 2015–2020 йилларда ҳам бу лойиҳа тўхтатилмаган.
Саудия Арабистони – келажакда атом станцияси қуриш орқали технологик асос яратишни истамоқда. Айрим таҳлилларга кўра, бу Исроилга сиёсий сигнал сифатида ҳам қаралиши мумкин.
Шунингдек, БАА ва Миср ҳам узоқ муддатли истиқболда ядровий технологияларга эга бўлишни орзу қилаётган давлатлар қаторида тилга олинади. Бунинг сабаби – минтақада фақат Исроилнинг ядро қуролланиши кучлар мувозанатини издан чиқариб қўйгани, шу боис бошқа давлатлар ҳам стратегик тенглашувни исташи мумкин.
Исроил минтақадаги ҳеч бир давлатда ҳатто АЭС бўлишини ҳам истамайди. Шунга қарамай, кечаги учрашувда Доналд Трамп Саудия Арабистонига АЭС қуриб бериш эҳтимолини тилга олди. Аввал у: “Саудия дунёдаги энг нефтга бой давлат, уларга АЭС нега керак?” деган бўлса, кейинроқ: “Агар келишсак, қуриб берамиз”, деб очиқ айтди.
Саудия АЭСни фақат фуқаролик мақсадида ишлатмоқчи бўлса ҳам, Исроилнинг худди Эронга бўлгани каби бевосита ҳужум қилиш эҳтимоли кам, чунки станцияни АҚШ қуради. Қатар мисоли шуни кўрсатадики, АҚШга яқин давлатларга Исроил бир томонлама зарба бера олмайди, бундай ҳолатда Вашингтоннинг позицияси ҳал қилувчи бўлади. Агар АЭСни АҚШ қуриб берса, Исроилнинг ҳар қандай норозилиги олдиндан чекланади.
Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:53
🔴 LIVE: Хитой Россияга таъсир қилоладими? | "Геосиёсат"
14:25 / 03.12.2025
🔴 LIVE: Трампнинг элчиси яна Москвада, Путиндан қатор баёнотлар | "Геосиёсат"
07:26 / 03.12.2025
Саудиядаги улкан «Мукааб» пойдевори сунъий йўлдошдан қайд этилди
14:02 / 02.12.2025