Иқтисодиёт | 17:13 / 13.08.2025
15017
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатларга етиб олишига 100 йилдан кўпроқ вақт керак — Жаҳон банки

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича ривожланган давлатларга (14 минг доллар) етиб олиш учун Қозоғистон ва Туркманистонга қарийб 40 йил, Қирғизистонга 70 йил, Ўзбекистон ва Тожикистонга эса 100 йилдан ортиқроқ вақт керак, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида. Ўзбекистон бу маррага Марказий Осиё давлатлари орасида энг охирги бўлиб етиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича “Тадбиркорлик, технология ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш” номли ҳисобот эълон қилди. Унда ушбу минтақадаги ривожланаётган давлатлар қанча муддатда юқори даромадли давлатлар даражасига етишига оид прогноз ўрин олган. Унга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг сўнгги бўлиб бу мақсадга эришиши мумкин.

Банк 2023 йилдаги нархлар бўйича юқори даромадли давлатлардаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад – 14 005 долларни таргет қилиб олган. Прогнозларга кўра, бу чегарага Қозоғистон ва Туркманистон 40 йилда, Қирғизистон 70 йил, Ўзбекистон ва Тожикистон 100 йилдан кўпроқ вақтда етиши мумкин.

Бу прогнозга минтақа давлатларининг охирги 10 йилдаги ўртача иқтисодий ўсиши асос бўлган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тушунтиришича, 10 йиллик давр олинганда пандемиядаги пасайиш, шунингдек давр бошида Қозоғистон ҳамда Қирғизистон (даромадлари)да кузатилган чуқур пасайишлар ўртача ўсишга сезиларли таъсир қилган.

Агар даромадларнинг (жон бошига GNI) пандемиядан кейинги даврдаги ўртача ўсишини олсак, ҳисоб-китобларимга кўра, жон бошига даромадлар Қозоғистонда 2026 йилнинг ўзида 14 минг долларлик даражадан ўтади. Шунингдек, Туркманистон 2034 йилда, Тожикистон 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу даражадан ўтиши мумкин. Яъни Ўзбекистон барибир минтақада бу даражага энг охирги етадиган мамлакат бўлади (сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсиш билан)”, – дейди у.

Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 896,3 триллион сўмни ташкил этган. Номинал кўринишда ўсиш 18,5 фоизга, реал ўсиш суръати эса (инфляция ҳисобига) 8,1 фоиз бўлган. Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 16,1 фоиз (инфляция ҳисобига 5,9 фоиз) – йилига 20 млн сўмдан 24,1 млн сўмгача (ойига 2 млн сўм) ошди. Долларнинг ўртача йиллик курси 12500 сўм деб олинса, бу миқдор 1,6-1,9 минг долларни ташкил қилган.

Жаҳон банки ҳисоботидаги бошқа муҳим тезислар

Жаҳон банки 2025 йилда (2026 йилда ҳам) Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5,9 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилган.

2024 йилда Россиядан шахсий пул ўтказмалари ҳисобига Ўзбекистонга пул ўтказмалари оқими 30 фоизга ўсиб, қарийб 15 миллиард долларга етди.

Марказий Осиё ва Ғарбий Болқондаги аксарият мамлакатларда пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотнинг ўндан биридан кўпроғини ташкил этиб, уй хўжаликларига катта ёрдам беради.

Пул ўтказмаларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши Тожикистонда деярли 40 фоизни, Қирғизистон Республикасида 20 фоиздан кўпроқни ва Косовода қарийб 18 фоизни ташкил этади. Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткич – 7 фоиз. Пул ўтказмаларисиз Марказий Осиёда камбағаллик даражаси анча юқори бўлар эди. Хусусан, пул ўтказмалари бўлмаганда, Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси 2 баравар юқори бўларди. Ўзбекистон хориждан пул ўтказмалари миқдори бўйича дунёда ўнинчи ўринда туради.

Ўзбекистон ва Молдованинг фискал позициялари сезиларли даражада яхшиланди. Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоиздан кўпроққа қисқарди ва 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,3 фоизни ташкил этди, бу кўп жиҳатдан энергия субсидияларининг қисқариши ҳисобига содир бўлди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид