Ўзбекистон | 19:03 / 22.03.2020
50695
4 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқувчилари учун ТВ-дарслар тўртта телеканал орқали эфирга узатилади

«Ёшлар» телеканалида — 1-4-синф, «Оилавий» телеканалида — 5-8-синф, «Маданият ва маърифат» телеканалида — 9-11-синф ўқувчилари учун, «Дунё бўйлаб» телеканалида эса барча амалий фанлардан телевизион дарслар бериб борилади.

Фото: ЎзА

Бу ҳақида Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўқувчиларнинг карантин таътилидаги вақтларини мазмунли ўтказиш ва ўқув дастурида белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштиришлари мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда телевизион дарсларни тасвирга олиш ишлари бошланган.

Телевизион дарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган болаларни ўқитиш ҳам инобатга олинган. Барча дарс машғулотлари кар ва заиф эшитувчи болажонларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ҳамда сурдотаржимонлар томонидан синхрон равишда таржима қилинмоқда. Кўзи ожиз болалар эса телевизион дарс машғулотларини овозли эшитиб, тушуниб олишларига имкон яратилади. Бу жараёнга соҳа мутахассислари жалб этилган.

Телевизион дарслар 2 тилда (ўзбек ва рус) тасвирга олинмоқда. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий телеканали орқали қорақалпоқ тилида телевизион дарслар ҳам тайёрланмоқда. Қолган тилларда (қозоқ, қирғиз, туркман, тожик) зарурат туғилганда, албатта, маҳаллий телеканаллар билан ҳамкорликда телевизион дарслар тайёрланади», деди Кенжаев 22 март кунги брифингда.

Дилшод Кенжаевга кўра, теледастурлар, яъни дарслар жадвали ва эфир вақтлари кейинги ҳафта 26 мартдан бошлаб анонс шаклида эълон қилинади.

Вазир ўринбосари масофавий таълимда фойданиш мумкин бўлган қўшимча интернет ресурслари ҳақида ҳам ахборот берди.

«Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда «Онлайн мактаб» электрон портали орқали ҳам видеодарсларни кузатиб бориш мумкин.

Шунингдек, Республика болалар кутубхонасининг www.kitob.uz сайтида ўзбек тилида (қисман рус тилида ҳам) бадиий адабиётлар жойлаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар сайтга 1083та (646та электрон, 437та аудио) электрон китоб ва аудио ресурслар жойлаштирилган.

Яна қўшимча равишда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг интернет тармоғидаги www.natlib.uz сайти ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Телеграмдаги @bolalikkunlarimda каналидан бадиий адабиётларни ҳам юклаб олиш ҳамда аудио ресурсларни тинглаш мумкин», дея таъкидлади вазир ўринбосари.

Дилшод Кенжаевнинг айтишича, мактаб ўқувчилари уйда мустақил таълим олиш жараёнида ёрдам керак бўлса, ўқитувчиларга мурожаат қилиши мумкин.

«Ўқувчиларимиз уйда мустақил дарс тайёрлаётган вақтларда мавзуларни ўзлаштириш бўйича саволларга жавоб олишлари учун биринчи навбатда ўзларининг устозларига, яъни фан ўқитувчиларига мурожаат этишлари мумкин.

Бундан ташқари, маҳоратли фан ўқитувчилари ― психологлар ва методистлар томонидан ҳам маслаҳат бериб боришлари йўлга қўйилади. Вазирликнинг расмий ижтимоий тармоқдаги каналлари ва сайти орқали ҳам мутахассис маслаҳатлари бериб борилади», дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид