Жаҳон | 14:11 / 12.11.2025
4264
5 дақиқада ўқилади

“Европа Иттифоқи Украинадаги коррупция муаммосидан яхши хабардор” — Раббимов

“Энергоатом иши” Европа Иттифоқи Украинага бераётган ёрдамларга таъсир қилмайди, чунки иттифоқ Украинадаги коррупция муаммосини яхши билади ва ҳозир улар ўзларининг келажакдаги хавфсизлиги учун ёрдам беришяпти, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов. Аммо профессор Анвар Йўлдошев жамоатчилик босими остида молиявий ёрдам камайиши мумкинлигини истисно қилмади.

Украинада яна бир йирик коррупцион жиноят – “Энергоатом иши” тергов қилинмоқда. Мамлакатдаги коррупция даражаси НАТО давлатларининг Украинага бераётган молиявий ёрдамига таъсир қилиши мумкинми? Бу савол Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокама мавзуларидан бири бўлди.

Камолиддин Раббимов: Украинадаги коррупцион жанжал НАТО аъзолари ўртасида келишмовчилик келтириб чиқариши мумкин. Чунки бу масалага муносабат борасида турли позициялар мавжуд. Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари бир қарашда бўлса, АҚШдаги Доналд Трамп маъмурияти бошқача позиция билдириши мумкин. Трамп жамоаси бу коррупцион можаро орқали ўз сиёсатини оқлашга уринади: “Мана, биз Украинага маблағ ажратмасдан, тўғри қилганмиз”, дея ўз қарорини ҳимоя қилади.

Европа Иттифоқига келсак, иттифоқ аслида “украиналиклар чиройли бўлгани учун” эмас, балки ўз хавфсизлиги учун ёрдам кўрсатяпти. Ҳозир ЕИнинг камида тўққизта давлати “кейинги ҳужум навбати бизга бўлиши мумкин” деган хавотир билан урушга тайёргарликни кучайтирган. 2024 йилда Европа Иттифоқи мудофаа ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Россияга қарши туриш мақсадида жами 700–800 миллиард евро маблағ ажратган. Демак, Украинага берилаётган ёрдам аслида Европа хавфсизлигини таъминлаш учун сарфланаётган сармоядир.

Европа Иттифоқи Украинада совет мероси туфайли ҳокимият тизимида коррупцияга мойиллик сақланиб қолганини яхши тушунади. Шу билан бирга, иттифоқда коррупцияга қарши кураш тажрибаси ва самарали механизмлари бор. Бугун дунёда коррупцияга қарши икки хил ёндашув мавжуд. Биринчиси – Хитой, Шимолий Корея ёки Россия мисолида кузатиладиган авторитар модел. Бунда олий ҳокимият ўзига ёқмаган коррупционерларни жазолайди, лекин ўзи ҳам коррупция ботқоғида қолаверади. Иккинчи модел эса демократик тизимларга хос бўлиб, унда ҳокимият бўлинади ва фуқаролик жамияти томонидан мунтазам назорат қилинади. Бу жараён тез кечмайди – 20-30 йил вақт талаб этади, Украина ҳам айнан шу йўлдан бормоқда.

Украинада фуқаролик жамияти шаклланмоқда, сўз эркинлиги мавжуд. Уруш шароитида бўлишига қарамай, Зеленский ҳокимияти ахборот майдонини тўлиқ назорат қила олмаяпти, сиёсий элита ва парламент устидан ҳам мутлақ назорат ўрнатилмаган. Коррупцияга қарши кураш бюроси юқори лавозимли мансабдорларни жавобгарликка тортмоқда. Бу ҳолат Европа Иттифоқи учун муҳим сигнал, яъни Украина ҳануз ислоҳ йўлида ва уни молиялаштиришда давом этади. Чунки Европа давлатлари учун бу фақат Украина эмас, ўз хавфсизлиги масаласидир.

Анвар Йўлдошев: Менинг фикримча, ёрдам камайиш эҳтимоли юқори. Чунки Европада ҳам, АҚШда ҳам нуфузли нашрлар бу ҳақда мақолалар чиқарди. “Нима учун биз шунча пул беряпмиз, агар у коррупцион мақсадларда ишлатилаётган бўлса?” деган саволлар туғилмоқда. Европа Иттифоқидаги айрим ОАВ ҳам шу мавзуда танқидий материаллар беряпти.

Европада жамоатчилик назорати кучли, фуқаролар ҳукуматдан ҳисоб сўрайди. Солиқлардан олинган маблағлар мақсадли, шаффоф ишлатилишини талаб қилишади. Агар ёрдам ноқонуний ёки мақсадсиз ишлатилса, бу жамиятнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис кўпчилик ёрдамни чеклаш ёки шартлар билан боғлаш тарафдори бўлиши мумкин.

Шуҳрат Расул: Сўнгги йилларда Украинага энг кўп молиявий ёрдам кўрсатаётган давлатлардан бири – Норвегия. Менинг фикримча, Норвегия Украинага маблағ ажратишни тўхтатмайди. Чунки Европанинг энг барқарор ва тажрибали давлатлари хавфсизликни стратегик жиҳатдан кўради, улар учун Украина – Европа хавфсизлигининг кафолати, биринчи мудофаа қалқонидир. Шу сабабли улар Украинани охиригача қўллаб-қувватлаш тарафдори.

Зеленский атрофидаги шахслар охирги йилларад бир неча марта коррупцияда айбланган бўлишига қарамай, бу ҳолат ёрдам ҳажмига таъсир қилмади. 2022 йил охири ва 2023 йил бошларида коррупция масаласи бундан ҳам кенгроқ муҳокама қилинган эди, аммо ёрдам камаймади. Аксинча, ўша пайтда бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олинди, ҳатто мудофаа вазири алмаштирилди. Шунга қарамай, бу лавозимдаги ўзгаришлар ёки коррупция можаролари Европа ва Норвегиянинг ёрдам сиёсатига жиддий таъсир кўрсатгани йўқ.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид