Жамият | 18:08 / 15.09.2025
11782
2 дақиқада ўқилади

Бухорода телефон ўғрисини тутиш учун «тўсиб ушлаш» тадбири ўтказилди

Nexia ҳайдовчиси ЙПХ автомашиналаридан қочиб, бир неча автомобилга зарар етказган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Nexia ҳайдовчиси бир неча ЙПХ автомашиналаридан қочиб, бошқа машиналарга зарар етказгани айтилган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.

Унга кўра, 14 сентябр куни Бухоро туманида яшовчи фуқаро телефонини сотиш жараёнида фирибгарликка учрагани ҳақида вилоят ИИБнинг 102 рақамига мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, номаълум шахс телефонни харид қилиш баҳонасида келиб, пулини автомобилда беришини айтган ва телефонни олиб, оқ рангли Nexia-3ʼда ҳодиса жойидан яширинган.

Шундан сўнг «тўсиб ушлаш» режаси жорий қилиниб, олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида автомобил Бухоро шаҳри И.Каримов кўчасида аниқланган. Уни бошқарган 2003 йилда туғилган ҳайдовчи ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, бир неча транспорт воситаларига зарар етказган.

Мазкур шахс ва автомашина ушланиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ҳамда 166-моддаси 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди. У ҳозирда қамоққа олинган.

Ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид