Ўзбекистон | 18:39 / 18.06.2020
9585
3 дақиқада ўқилади

Бу йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига 1300 нафар талаба ўқишга қабул қилинади

2020–2021-ўқув йили учун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат таълим йўналишига 1 300 нафар, яъни ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўпроқ талаба ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматов 18 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Фото: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети

Қайд этилишича, 2020 йид 12 июнда қабул қилинган “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари кўрсатиб берилган. Қолаверса, қарор билан спорт фаолияти бўйича бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланган.

«2020–2021-ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган параметрларига кўра, бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1 125 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Шундан грант асосида таълим олувчилар учун 320 та, шартнома асосида таълим олувчиларга 805 та ўрин ажратилган.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалига эса жорий йил 175 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилида университетга сиртқи таълим йўналишида шартнома асосида 600 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, магистратура таълим йўналиши бўйича грант асосида 18 нафар, шартнома асосида 88 нафар, жами 106 нафар талаба олийгоҳга қабул қилиниши режалаштирилган», дея Отабек Эшмаматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2020–2021-ўқув йилида бир қатор янги таълим йўналишлари ташкил этилмоқда. Эндиликда университетда шахмат, регби, каратэ ВКФ, тоғ чанғиси ва стол тенниси спорт фаолиятлари бўйича ҳам мутахассислар тайёрланади.

«2020–2021-ўқув йили қабули бўйича Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун имтиҳон топширишда ўзига хос енгилликлар яратилган. Маълумки, шу пайтгача абитуриентлар махсус техник тайёргарлик, умумий жисмоний тайёргарлик ва сузиш йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳон топшириб келишар эди.

Ушбу ўқув йили учун эса махсус техник тайёргарлик ва умумий жисмоний тайёргарлик йўналишларида абитуриентларнинг имкониятлари синовдан ўтказилади ва уларда умумий ҳисобда 189 балл йиғиш имкони мавжуд.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керак, абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳонларни топшириш учун ўқув муассасасига фақат бир марта келиб кетади ва бир нафар абитуриентнинг имтиҳон топшириши учун максимал бир соат вақт талаб этилади.

Абитуриентлардан ҳужжатлар 20 июндан 20 июлгача қабул қилинади. Жумладан, улар Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган ҳудудларда, яъни Давлат хизматлари марказлари орқали, шунингдек, барча ҳудудларда: Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали олий таълим муассасасига ҳужжатларини топшириши мумкин», дейди Отабек Эшмаматов.

Мавзуга оид