Жаҳон | 11:21 / 13.03.2026
2078
3 дақиқада ўқилади

Норфолкдаги университетда отишма: ФТБ ҳужумчини ИШИД тарафдори деб атади

Федерал тергов бюроси (ФТБ) Норфолк шаҳридаги университетда содир этилган отишмани террорчилик ҳаракати сифатида тергов қилмоқда. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган. Идора маълумотига кўра, ҳужумчи аввалроқ ИШИДга пул ўтказишга уриниш учун судланган бўлган.

Фото: Jeff Kowalsky/AFP

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) 12 март, пайшанба куни эрталаб Виржиния штатидаги Норфолк шаҳрида жойлашган Олд Доминион университетида содир этилган отишмани террорчилик ҳаракати сифатида баҳоламоқда. Бу ҳақда идора раҳбари Кэш Пател X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Қуролланган шахс Олд Доминион университетида ўқ узди, оқибатда бир киши ҳалок бўлди ва икки киши яраланди. Ҳужумчини жасур талабалар гуруҳи зарарсизлантирди — уларнинг ҳаракатлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкор жавоби, шубҳасиз, инсонлар ҳаётини сақлаб қолди”, — деб ёзди Пател. Унинг сўзларига кўра, ҳодисани тергов қилишда ФТБнинг терроризмга қарши кураш бўйича қўшма тезкор гуруҳи ва маҳаллий ҳокимият органлари иштирок этмоқда.

ФТБ вакилининг сўзларига кўра, отишмани Муҳаммад Бэйлор Жалло содир этган, ҳужумдан сўнг эса у ўзини ҳимоя қилган талабалар томонидан ўлдирилган. Идора маълум қилишича, 2016 йилда Жалло ИШИД террорчилик ташкилотига пул ўтказишга уринишда айбини тан олган. 2017 йилда у озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, 2024 йилда эса қамоқдан чиққан.

ФТБ нега отишмани террорчилик ҳаракати сифатида тергов қилаётгани ҳақидаги саволга жавобан, идора вакили Жалло ўқ узишдан олдин тегишли ҳайқириқни айтганини билдирди. Шу билан бирга, идора маълумотига кўра, ҳужумчи АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳақида ҳеч қаерда гапирмаган.

Журналистлар билан мулоқот чоғида ФТБ вакили жиноятчи “Техас штатидаги Форт-Худда содир бўлган ҳужумга ўхшаш террорчилик ҳужумини амалга оширишни истаганини” айтди. Гап 2009 йил 5 ноябр куни ҳарбий база ҳудудида содир этилган отишма ҳақида кетмоқда. Уни армиянинг 39 ёшли ҳарбий шифокор-психиатри, майор Нидал Малик Ҳасан амалга оширган. У мусулмон бўлган ва АҚШнинг Ироқ ҳамда Афғонистондаги ҳарбий кампанияларидан норози эканини билдириб келган, ўша куни эса қуролсиз ҳамкасбларига қарши ўқ узган. Натижада 13 киши ҳалок бўлган, яна 32 киши яраланган. Ҳасан 2013 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган, аммо бу жазо ҳозиргача ижро этилмаган.

Бундай таққослаш, эҳтимол, NBC телеканали манбаларига таяниб хабар берганидек, гумон қилинган ҳужумчи 36 ёшли собиқ Миллий гвардия аъзоси бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, жабрланган уч кишидан икки нафари, улардан бири кейинчалик шифохонада вафот этган, мазкур университетнинг захирадаги офицерлар тайёрлаш дастури иштирокчилари бўлгани қайд этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид