Ўзбекистон | 17:11 / 23.02.2026
6379
3 дақиқада ўқилади

2026 йилда 800 та пахта териш машинаси харид қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев 23 феврал куни қишлоқ хўжалигини махсус техника билан таъминлаш ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд қилинишича, сўнгги йилларда 1756 та пахта териш машинаси харид қилинди ва пахта теримининг механизация даражаси 52 фоизга етди. Ўтган мавсумда 2,1 миллион тонна пахта машина ёрдамида йиғиб олинган. Навбатдаги вазифа – пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш. Бунинг учун 2026 йилда 800 та пахта териш машинаси, шунингдек, 6 мингта сеялка, трактор ва комбайн харид қилиниши режалаштирилган. Умуман, йил давомида 10 мингта янги техника харид қилиниб, қишлоқ хўжалиги техникалари парки 292 мингтага етказилиши кўзда тутилган.

Янги техникаларни фермерларга қулай шартларда лизингга бериш мақсадида халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар жалб қилинади. Техникалар миллий валютада 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга 18 фоиз ставкада берилиб, кредит ставкасининг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.

Тақдимотда 2026-2028 йилларда маҳаллий ишлаб чиқариладиган техника ва агрегатлар ҳажмини 5 баробарга, маҳаллийлаштириш даражасини қўшимча 10 фоизга ошириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, 2026 йилда ишлаб чиқариш 6 минг донагача етказилиши, 2028 йилга қадар маҳаллийлаштириш кўрсаткичи ўзиюрар техникада 30-35 фоизга, осма ва тиркамали техникада 60-65 фоизга чиқарилиши режалаштирилган.

Техника ва агрегатларни сотиб олишда субсидиялашнинг амалдаги тизимини маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан юқори бўлган техникага татбиқ этилмоқда. Тақдимотда талаб юқори бўлган 3 турдаги импорт техника бўйича ҳам субсидия ажратишни йўлга қўйиш таклиф қилинди. Умуман, жорий йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм субсидия йўналтирилиши кўзда тутилган.

Тақдимотда Тошкент трактор заводи фаолиятини соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.

Соҳада замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий қилиш борасидаги ишлар ҳам тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, мижозларга комплекс қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилади. Бунда ҳар бир ҳудудда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади ва уларда қишлоқ хўжалиги агенти фаолият юритади. Ушбу зоналарда фермерлар бир жойнинг ўзида банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш хизматлари, агроном маслаҳатидан фойдаланишлари, ўқув курслари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида механизация даражасини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва сервисни ривожлантириш, рақамли платформалар орқали мониторинг ва молиявий хизматларни яхшилаш юзасидан мутасаддиларга бир қатор кўрсатмалар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид