Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аграр ерлар географияси: қайси давлатлар етакчи?
Қишлоқ хўжалиги ерлари дунё бўйлаб 46 миллион квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллаб, глобал озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этади.
Фото: Getty Imagеs
Янги инфографикада қишлоқ хўжалиги ерлари майдони бўйича 50 та мамлакат тақдим этилди. Бунда Жаҳон банки томонидан жамланган, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг энг сўнгги маълумотларидан фойдаланилган. Катта фарқ билан биринчи ўринни Хитой эгаллаб турибди, ундан кейин АҚШ ва Австралия келади.
Тахминан икки миллион квадрат миля (беш миллион квадрат километрдан ортиқ) майдонга эга бўлган Хитой дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги ерларига эга. Мамлакат аҳолисининг тахминан бешдан бир қисми қишлоқ хўжалигида банд, ҳозирги кунда эса Хитой қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади.
Қизиғи шундаки, Хитойдаги қишлоқ хўжалиги ерлари ҳудуди анча катта бўлган Россия (2,1 миллион квадрат километрдан ортиқ) ва Канада (тахминан 569 минг квадрат километр) каби мамлакатларга қараганда кўпроқ. Бунинг сабаби шундаки, ушбу давлатларнинг улкан ҳудудларининг катта қисмини совуқ минтақалар, тундра ва абадий музлик зоналари эгаллайди.

Бироқ иқлим ўзгариши вақт ўтиши билан жаҳон қишлоқ хўжалиги географиясини ўзгартириши мумкин: илгари деҳқончилик учун ҳаддан ташқари совуқ бўлган шимолий ҳудудлар аста-секин экин етиштириш учун қулайроқ бўлиб бормоқда.
Рейтингда кейинги ўринларни АҚШ (4,1 миллион квадрат километр), Австралия (3,6 миллион квадрат километр) ва Бразилия (2,3 миллион квадрат километр) эгаллайди. Бу мамлакатларнинг ҳар бири турли экин турларига ихтисослашган.
Масалан, АҚШ дунёдаги энг йирик маккажўхори ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, Бразилия эса соя ва шакарқамиш етиштиришда етакчилик қилади. Шу билан бирга, Австралия асосан қурғоқчил иқлимга эга бўлишига қарамай, Ҳиндистон ва Украина каби йирик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашиб, буғдой ва бошқа дон экинларининг йирик ишлаб чиқарувчисига айланган.
Африка давлатлари қишлоқ хўжалиги ерлари майдони энг катта бўлган 50 давлатнинг қарийб ярмини ташкил қилади. Улар орасида Судан (1,1 миллион квадрат километр), Жанубий Африка Республикаси (963 минг квадрат километр) ва Нигерия (694 минг квадрат километр) алоҳида ажралиб туради.
Мавзуга оид
07:37 / 17.03.2026
Эрон қанчалик катта? Инфографика
12:21 / 16.03.2026
Қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект ва big data технологиялари жорий этилади
10:23 / 14.03.2026
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади
10:08 / 14.03.2026