Ўзбекистон | 15:23 / 04.10.2021
7500
2 дақиқада ўқилади

«Кунни ётоқхонада эмас, кутубхонада ўтказиш керак» — Шерзодхон Қудратхўжа ёшларни ўз устида кўпроқ ишлашга чақирди

Халқаро пресс-клубнинг 2 октябрь куни олий таълимга бағишланган навбатдаги сессиясида пресс-клуб бошловчиси Шерзодхон Қудратхўжа ота-оналарга мурожаат қилиб, уларни фарзандларининг ўқиши, касб танлашига болалигиданоқ эътибор қаратиш, талабаларни эса ўз устида кўпроқ ишлашга чақирди.

«Болани ўқишга ҳужжат қабул қилишда уч ой қолганда ректор олдига олиб кириб, йўналиш сўраш, бу нотўғри. Болада илк қизиқувчанлик аввало, уйда, сўнг боғчада, мактабда, коллеж ёки лицейда пайдо бўлади. Аммо ОТМга ҳужжат қабул қилишда уч ой қолганда эмас.

Ота-оналар айни боғча ёшидан бошлаб фарзандининг ўқишига жиддий эътибор қаратиши керак. Бу миллат учун оғриқли масалалар.

Совет даврида «талабалик – олтин даврим» дейишарди. Мен бу фикрга қўшилмайман. Масалан, Жанубий Кореяда ёшлар талабаликни «энг оғир даврим» дейишади. У ерда бола тушликда бир финжон қаҳвасини ичади, тамом. Қолган вақтини кутубхонада, IT курсларида ўз устида ишлаш билан ўтказади. Шунинг учун ҳам бугун дунёдаги энг яхши тиббиёт, IT технологиялари уларда.

Бизнинг талабалар эса кунини фақат ётоқхонада ўтказади. Шунча шароитлар қилинган пайтда нима ҳақи бор уларнинг? Ўз устида ишлаши керак эмасми? Ахир ота-она ҳам ўзи емай, ўзи киймай шу боласига бермаяптими?

Ахир ёшлар ўз устида ишламаса, миллат, давлат қачон ўзгаради? Бунга қўшимча, ота-оналар ҳам ўзгариши керак», – дея Шерзодхон Қудратхўжа сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид