Ўзбекистон | 10:05 / 16.07.2024
1341
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга айрим турдаги субсидиялар проактив шаклда ажратилади

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга, маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия уларнинг мурожаатисиз соддалаштирилган тартибда ажратилиши кутиляпти.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига айрим турдаги субсидияларни проактив шаклда ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидаги субсидия турларини проактив шаклда ажратишни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларига айрим турдаги субсидияларни проактив шаклда ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади:

  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия ажратиш;
  • маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия ажратиш.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ушбу давлат хизматларини проактив шаклда кўрсатиш учун зарур бўладиган ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилинишини таъминлайди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Қарордан мақсад тадбиркорлик субъектларига уларнинг мурожаатисиз (проактив шаклда) соддалаштирилган тартибда субсидиялар ажратиш имкониятини яратишдан иборат.

Мавзуга оид