Иқтисодиёт | 14:47 / 29.07.2025
4313
3 дақиқада ўқилади

“Соҳада тизимли муаммолар бор” – Рақобат қўмитаси аҳолидан суюлтирилган газ учун 2,2 млрд сўм асоссиз ҳақ олинганини аниқлади

Рақобат қўмитасига суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича қарийб 19,5 мингта мурожаат келиб тушган ва жами 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олинганлиги аниқланган. Қўмита ортиқча ундирилган пуллар қайта ҳисоб-китоб қилинаётганини маълум қилди. Аввалроқ, Президент суюлтирилган газ етказиб беришда узилиш кузатилаётгани учун масъулларни огоҳлантирганди.

Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитасига 2025 йилнинг ўтган даврида газ етказиб бериш билан боғлиқ истеъмолчиларидан жами 19 487 та мурожаат келиб тушган. Қўмитанинг таъкидлашича, бу рақамлар соҳада тизимли муаммолар борлигини кўтсатади.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда тўғридан тўғри АЖнинг бўйсунувида бўлган корхоналарда ўрганиш ишлари ўтказилганда ўтган даврда республиканинг бешта вилоятида аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида суюлтирилган газнинг оғир қолдиқлари (конденсат) ҳажми жами 1,5 минг тоннани ташкил қилиши аниқланган. Бунда:

  • Навоийда - 92,9 тонна,
  • Сурхондарёда - 490,2 тонна;
  • Қашқадарёда - 371,3 тонна;
  • Фарғонада - 370,5 тонна;
  • Бухорода - 175,6 тонна.

Маълум бўлишича, бунинг ҳисобига истеъмолчилардан жами 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олинган.

Хусусан, Навоий вилоятида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан газ баллонидаги жами 92,9 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари учун истеъмолчилардан 125,4 млн сўмлик ортиқча маблағлар олинганлиги аниқланган.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан 79 та истеъмолчидан 125,7 млн сўмлик ортиқча ҳисобланган ҳамда газ баллонларидаги жами 490,2 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари (конденсат) учун истеъмолчилардан 640,3 млн сўмлик, жами 766, 0 млн сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.

“Ушбу ҳолатлар бўйича Рақобат қўмитаси томонидан ҳудудий газ таъминоти корхоналари бу хизматларни кўрсатишда қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатлари мавжудлиги сабабли, истеъмолчиларга ортиқча олинган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда”, - дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июн ойида Президент Шавкат Мирзиёев суюлтирилган газ етказишдаги муаммолар бўйича раҳбарларни огоҳлантириб, уларни ҳал қилиш учун икки ҳафта муҳлат берганди.

Суюлтирилган газ етказишда 60-70 кунлаб узилиш кузатилаётгани, айниқса, Андижон ва Сурхондарёда мурожаатларнинг 70 фоизи шу масала билан боғлиқлиги маълум қилинганди.

“Иссиқ кунларда газда шунча муаммо бўлса, қишда одамлар қозонини нимада қайнатади? Раҳбарларга сўнгги огоҳлантириш: бу масалага икки ҳафтада ечим топсин, бўлмаса ўзи билиб жойини бўшатиб қўйсин”, - деганди президент.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид