Иқтисодиёт | 12:54 / 20.04.2020
20666
8 дақиқада ўқилади

Мамаризо Нурмуратов банклардан валюта сотиб олишда кузатилаётган чекловларга изоҳ берди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги тижорат банкларида нақд валюта сотувига чекловлар қўйилиши банклар ташкилий ишни тўғри йўлга қўя олмагани билан боғлиқ. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда нақд валюта етишмовчилиги юзага келмайди, Марказий банки ва Нью-Йорк федерал банки ўртасида шартномага кўра яқинда 200 миллион доллар олиб келинган, 5 май куни яна 400 миллион доллар олиб келинади.

Мамаризо Нурмуратов

Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов билан коронавирус пандемияси шароитида банк тизимининг барқарор фаолият юритиши, банклар томонидан иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда валюта курси, инфляция кўрсаткичлари барқарорлиги масалаларида суҳбат уюштирди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, валюта курсидаги тебранишлар ортидан тижорат банклари томонидан аҳолига  валюта сотишда турли кўринишда лимитлар ўрнатилган. Олдиндан айтиб қўяй: банкларни айблашдан йироқмиз, лекин ҳеч қанақа лимитлар йўқ ва бўлмаган дейишдан ҳам осони йўқ. Шу масалада тижорат банклари вакиллари билан ҳам мулоқот қилганимизда, улар буни 2та сабаб билан изоҳлашаяпти. 

Биринчи сабаб: Банкларда валюта позицияси йўқ, яъни валюта сотилмаётгани сабаби, ҳеч ким банкларга валюта сотмаяпти, экспортёрлар ҳам пауза олган, аҳоли ҳам. Сотиши мумкин бўлганларнинг курс кутилмалари баландроқ. Тижорат банклари аҳоли ва экспортёрлардан юқорироқ курсда сотиб ололмайди, чунки норасмий бўлса-да коридор мавжуд. Шу маънода, қуйи ва юқори коридорларни бекор қилиш ҳақида ўйлаб кўриш вақти етмадимикин?

Иккинчи сабаб: 28 мартдан буён авиақатновлар тўхтаган. Шу сабабли четдан нақд валюта келтириш ҳам тўхтаб қолган. Биз билан мулоқотда бўлган айрим банкирлар нақд валюта тугаганини айтишмоқда. Бу муаммога нафақат биз, Украина, Грузия каби давлатлар ҳам рўбару келяпти. Уларнинг аксарида валюта сотишга чеклов йўқ, лекин фақат карталарга, нақдсиз сотиш бошланган. Аҳолига очиқ тушунтирилгани учун ҳеч қандай ваҳима ёки қўрқув пайдо бўлгани йўқ. Балки бизда бу борада етарли захиралар бордир. Билмаймиз, маълумотимиз йўқ. Сизнинг бу борадаги саволларга жавобингиз қандай?

— Ҳаммаси ўзимиз хоҳлагандек бўлишини истаймиз. Бу тушунарли. Бир томондан шунақа бўлишигаям хурсанд бўламан. Эркинлик, либераллаштириш...

Айтишим керакки, Марказий банк валютани тартибга солувчи орган сифатида бирор-бир чеклов қўймаган. Буни кўп бор айтганман. 

Чеклов қанақа бўлади? Ҳамма эслайдики, 2018 йилгача ҳар бир одам бир чоракда фақат 2 минг доллар олиши мумкин эди, буни мамлакат ичида нақд қилиб олиш имкони йўқ эди, фақат хорижда ишлатиш мумкин эди. Мана бу чеклов эди. Марказий банк шундай чеклов белгилаганди.

Ҳозир сиз айтаётган муаммога сабаб эса тижорат банклари ташкилий ишларни тўғри йўлга қўя олмагани билан боғлиқ. Банклар эрталаб юзта шохобчасига 10 минг доллардан, 20 минг доллардан тарқатади. Лекин улар қайси шохобчага қанча одам келиб, қанча валюта олишини билмайди. Шунинг учун, кейинги пул миқдори олиб бориб берилгунича маълум бир чеклов белгилаши мумкин, 200 доллар сот, 500 доллар сот деб. Мен ҳам ўқидим бу ҳақдаги хабарларни, тижорат банклари билан гаплашдим. Бу иш тўғри ташкил қилинмагани туфайли.

Бу нима дегани. Масалан, кассир одам кўпаяётганини, пул қолдиғи камаяётганини кўриб, оператив равишда телефон қилиб, бош банкидан қўшимча валюта олиб келтириши керак. Бу мувофиқлаштириб туриш керак бўлган жараён. Маълум бир банк шохобчаларига кун давомида уч марта бориб юриш ўрнига, бир марта кун охиригача етказиш учун кунлик маблағни берган бўлиши ҳам мумкин. Марказий банк буни белгилаб бермайди. Буни расмий ахборотда ҳам айтиб ўтдим.

Бизда сўнгги уч ойда аҳоли сотган валюта сотиб олган валютадан жуда кўп бўлди. Ўз-ўзидан, банкларда қарийб 600 миллион долларлик нақд валюта захираси пайдо бўлди. Аҳоли валюта сотиши кўпайган давр — мартнинг иккинчи ярми ва ҳозирги апрель. Ўша нақд валюта захираси бугунги кунда ҳам тижорат банкларида 311 миллион долларни (18 апрель кунги маълумот) ташкил этмоқда. Агар буни кунлик 20 миллион доллар сотиш билан ўлчайдиган бўлсак ҳам, 15 кунга бемалол етиб-ортади.

Бундан ташқари, биз кутган пул ўтказмаларида ҳам маълум ижобий силжишлар бўляпти. Масалан, март ойининг иккинчи ярмида қарийб икки баробар тушиб кетган бўлса, ҳозирга келиб ўсиш кузатиляпти, ўтказмалар бўляпти. Бу ҳам нақд валюта сотилишига таъсирини кўрсатади.

Энди валюта позицияси, захираси ҳақидаги саволингизга ўтсам. Одатда буни эълон қилмасдик, ҳозир айтаман. Марказий банкнинг Нью-Йорк федерал банки билан шартномаси бор. Мана яқинда ҳам 200 миллион доллар олиб келдик. Ҳар бир тижорат банки ўзи олиб келиши керак, аммо транспорт билан боғлиқ муаммо сабаб бу сафар олдиндан олиб келдик. Агар қайси тижорат банки бизга нақд доллар керак деса, улар биздан олаверишади. Бундан ташқари, Нью-Йоркдаги федерал банкнинг Англияда ва Европада пул билан таъминлайдиган махсус хизматлари бор. Улар орқали валюта олиб келиб, тижорат банкларига етказиб беряпмиз. Шунинг учун бизда Украинада ёки Грузиядагидек бўлмади.

Агар биз аралашмаганимизда бизда ҳам валюта етишмовчилиги бўлиши мумкин эди. Чунки ҳар бир тижорат банки ўзига керакли валютани фақат хориждаги тижорат банкидан олиб келади, биз эса тўғридан-тўғри федерал захирадан олиб келамиз. Буни бирма-бир тушунтираётганимнинг сабаби, бу гаплар сиз орқали халқимизга етиб боради. Бу борада муаммо бўлмайди. Биз ҳар ҳафта нақд доллар олиб келишимиз мумкин.

Энди валюта позицияси ҳақида. Бу ҳам ўринли савол. Ҳар бир банк қанча нақд валюта сотиб олса, шунга қараб сотади. Яъни валюта қолдиғига қарайди ва ўзининг валюта позициясига. Биз валюта позициясини ўтган йили 5 фоиздан 10 фоиз қилганмиз. Доллар бўйича. Барча валюталар бўйича эса 15 фоиз. Яъни мажбурият ва талаблари 10-15 фоиз атрофида бўлиши керак. Агар нолгача тушса, тижорат банклари бизга мурожаат қилади, биржадан олади. Бу нормал амалиёт. Айтишим керакки, тижорат банклари апрель ойигача мурожаат қилмаган, валюта айирбошлаш шохобчасида валюта сотиш учун биржадан валюта олишига тўғри келмаган. Чунки аҳолидан сотиб олаётган валютаси бемалол етиб турган. Юзага келган вазият табиий. Одамлар хабарларни ўқиб, бизда ҳам шундай бўлиб қолмасмикин деб ташвишланишади.

Яна бир бор айтаман, бизда валюта етказиб бериш тизимли равишда йўлга қўйилган. Хизмат сири бўлса ҳам айтишим мумкин, 5 май куни биз яна 400 миллион доллар олиб келамиз. Банклардан олдиндан уларнинг талабини сўраб оламиз, қанча доллар керак деб сўраймиз ва уларнинг буюртмасига қараб олиб келамиз. Бизда долларни олиб келиш харажатлари, тижорат банклари олиб келгандан кўра, икки бараварга арзонга тушади. Чунки биз тўғридан-тўғри пулни босмадан чиқарадиган банкдан сотиб оламиз. Буни батафсил тушунтиришимдан мақсад, одамларда шубҳа уйғонмаслиги керак. Украинада шундай бўлди, чунки уларда Марказий банк аралашмади, тижорат банкига ўз билганингни қил, бу сенинг бизнесинг дейишди. Грузияда ҳам худди шунақа бўлди.

Биз эса онгли равишда ўзимиз олиб келиб банкларимизга беряпмиз. Чунки тижорат банки пул сотмай қолса, калтак бизга келиб тушиши мумкин, Марказий банк нимадир қилгандир дейишади.

Мавзуга оид