Ўзбекистон | 10:53 / 28.07.2022
13045
2 дақиқада ўқилади

Халқаро пластик карталаридан касса ва терминаллар орқали нақд валюта ечиб олишда комиссия ўрнатилмоқда

Ушбу “вақтинчалик” амалиёт спекулянтларнинг нақд валюта ечиб олиш учун асосий урғуни халқаро пластик карталарга қарата бошлагани билан изоҳланган.

Фото: Getty Images

27 июлдан бошлаб “Капиталбанк” Visa халқаро пластик карталаридан касса ва терминаллар орқали нақд валюта ечиб олиш учун 0,7 фоизлик, “Ипак йўли” банк эса 1 фоиз миқдорида комиссия тўлови ўрнатган.

“Ҳурматли мижозлар, сизга шуни маълум қиламизки, 2022 йил 28 июлдан бошлаб нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш мақсадида банк томонидан "Ипак Йўли" банкининг Visa/Mastercard/UnionPay карталаридан "Ипак Йўли" банкининг кассаларидан ва банкоматларидан нақд пул ечиб олиш учун 1 фоиз миқдорида комиссия жорий этиш бўйича вақтинчалик қарор қабул қилинди”, дейилади банк хабарномасида.

“Ўтган ҳафтада қатор банкларда халқаро пул ўтказмалари бўйича муаммолар кузатила бошлагач, спекулянтлар нақд валюта ечиб олиш учун асосий урғуни халқаро пластик карталарга қарата бошлашди. Чунки банклар пул ўтказмалари ва айирбошлаш шохобчалари орқали нақд валюта беришда қийинчиликларга дуч кела бошлаган бўлса-да, халқаро пластик карталардан нақд валюта ечишга ҳеч қандай чеклов ва комиссиялар ўрнатишмаганди. Табиийки, спекулянтлар энди бу текин лазейкадан фойдаланишга ўтишди. Энди буёғига комиссия тўлаш керак бўлади.

Назаримда, бошқа босимга дуч келаётган банклар ҳам халқаро пластик карталардан нақд валюта ечиш учун комиссия ўрната бошласалар керак”, дея ушбу ҳолатга муносабат билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг бир нечта банклари нақд валютага 2-3 минг долларгача чекловлар ўрнатгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу спекулятив амалиётлар кўпайиб кетгани билан изоҳланган.

Мавзуга оид