Ўзбекистон | 11:05 / 04.08.2023
6971
4 дақиқада ўқилади

Маҳкумлар қийноққа солингани ҳақида 45 та ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда – омбудсман

Олти ойда омбудсманга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан маҳкумга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги хусусида 125 та шикоят келиб тушган.

Фото: KUN.UZ

Таъкидланишича, 2023 йил биринчи ярмида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан омбудсманга 125 та шикоят келиб тушган.

Шикоятларнинг 19 таси бевосита мониторинг ташрифлари давомида амалга оширилган якка тартибдаги қабулларда, 18 таси “омбудсман қутиси”, 40 таси пенитенциар муассасалар маъмурияти ва маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) яқин қариндошлари томонидан почта алоқаси хизмати орқали, 21 таси омбудсман ва унинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий қабуллар, 22 таси электрон тарзда ва 5 таси омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.

“Ушбу шикоятларнинг 64 фоизи юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган.

Шикоятларнинг 8 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар омбудсманнинг хатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш белгиланган.

Шунингдек, 37 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда”, дея омбудсман матбуот котиби Феруза Мадраҳимовадан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган шу мазмундаги 20га яқин хабар омбудсман томонидан зудлик билан ўрганилган ҳамда Бош прокуратурага талабномалар киритилган.

Таъкидланишича, 2023 йил олти ойи мобайнида омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба борган. Хусусан, бу даврда 113 та жазони ижро этиш колонияси, 81 та тергов ҳибсхонаси, 43 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 31 та наркология маркази филиаллари, 27 та махсус қабулхона, 16 та “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, 15 та реабилитация маркази, 10 та руҳий-асаб касалликлари диспансери, 8 та ички ишлар органи ҳамда 4 та Мастлик ҳолатида бўлганларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ўрганилган.

Мониторинг ташрифлари давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ўрганилган. Шунингдек, 7 мингга яқин маҳкум ва маҳбус билан жамоавий ҳамда 2 417 нафар маҳкум (маҳбус) билан якка тартибда суҳбат ўтказилган.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов тергов ва жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқлар бутун дунёда учрайдиган глобал муаммо эканини таъкидлаганди.

4 июн куни 36 яшар гумонланувчи Бўка тумани ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз дўппослангани натижасида вафот этган, унинг қовурғаси синдирилиб, бўйнидан бўғиб қийноққа солингани аниқланганди.

Андижонда 2022 йили маҳкумни уриб ўлдириб қўйган 12 нафар ИИБ ходими суд томонидан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ички ишлар органлари ходимлари қўлида навбатдаги қўлга олинган шахс вафот этиши ортидан «Юксалиш» ҳаракати ички ишлар идораларида қийноқларга барҳам бериш мақсадида 10 та таклиф ишлаб чиққанини эълон қилганди.

Мавзуга оид