Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг 5 устувор йўналишини санади
Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон «ташқи иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири» бўлиб қолмоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
29 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгашида кузатувчи давлат раҳбари сифатида қатнашиб, нутқ сўзлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун ЕОИИ мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш «ташқи иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири» бўлиб қолаётганини таъкидлади.
«Бугунги кунда бизнинг ЕОИИ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигимиз комплекс иқтисодий шериклик тусини олди. Ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда, саноат кооперацияси чуқурлашмоқда, логистик алоқалар мустаҳкамланмоқда, рақамли иқтисодиёт, энергетика ва хизматлар соҳасида янги йўналишлар шаклланмоқда» дея президентнинг сўзларини келтирмоқда унинг матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон кузда Евросиё иқтисодий комиссияси билан янги Ҳамкорлик режасини қабул қилиш учун Қўшма ишчи гуруҳи йиғилишини ўтказади.
Шунингдек, яқинда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Тошкент шаҳрида Евросиё тараққиёт банкининг офиси очилиб, муайян лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Давлат раҳбари халқаро саммит доирасида ЕОИИ билан Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишларини санади:
Биринчидан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасида тўсиқларсиз савдонинг ягона рақамли маконини шакллантиришга киришиш муҳимлиги қайд этилди.
Бу ерда сўз электрон тижоратни ривожлантириш ва уни тартибга солиш борасидаги ёндашувларни мувофиқлаштириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати соҳаларида рақамли маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш, шунингдек, электрон ҳужжатларни босқичма-босқич ўзаро тан олиш ҳақида бормоқда.

Иккинчидан, саноат кооперацияси ривожига янги туртки бериш муҳимдир. Чунки бизнеснинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик шериклик ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қизиқиши ортиб бормоқда. Бу жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилган олтинчи «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмасида ҳам ўз тасдиғини топди.
Ўзбекистон «ягона дарча» форматида Евросиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда шерикларни танлайдиган, эркин саноат зоналар негизида ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, молиялаштиришни жалб этишга кўмаклашадиган қўшма лойиҳа офисини ташкил этишга тайёр.
Шунингдек, Ўзбекистон ЕОИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча рағбатлантирувчи шароитларни ишлаб чиқишга тайёр.
Учинчидан, энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга қаратилган «Саноатни «яшил» трансформация қилиш қўшма дастури»ни қабул қилишни таклиф этилди.
Бу эндиликда нафақат экологик кун тартибидаги масала, балки саноатнинг узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминлайдиган муҳим омилга айланмоқда.
Тўртинчидан, бандлик бўйича миллий электрон хизматларни ўзаро боғлаш орқали ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарур.
Бу ерда сўз - ишончли бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ҳамда миграция қонунчилиги нормаларини ўз ичига олган маълумотлардан фуқаролар фойдалана оладиган - қулай ва яхлит рақамли муҳитни шакллантириш ҳақида бормоқда. Бу бир пайтнинг ўзида меҳнат бозорлари эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ходимларнинг малакасини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва норасмий бандлик хавфларини камайтириш имконини беради.
Бешинчидан, бугунги кунда туризм маданий-ҳуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон «Марказий Осиё туристик ҳалқаси» ташаббусини илгари сурди. Давлат раҳбари ЕОИИ мамлакатларини унда иштирок этиш ва мазкур туристик йўналишни оммабоп рақамли платформаларда биргаликда тарғиб қилишга таклиф этди.
Президент Шавкат Мирзиёев нутқи якунида Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи билан амалий ҳамкорликни ривожлантиришга интилишини яна бир бор тасдиқлади.
Евросиё иқтисодий иттифоқи расман 2014 йилда тузилган. Унга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо давлатлар ҳисобланади. Ўзбекистон, Куба ва Молдова кузатувчи давлат мақомида.
Мавзуга оид
22:33 / 29.05.2026
Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа интилишига муносабат билдирди
20:25 / 29.05.2026
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
13:36 / 29.05.2026
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Остонага келди
18:47 / 28.05.2026