Ўзбекистон | 15:41 / 28.04.2026
3491
9 дақиқада ўқилади

Қурилишда янги талаб, қоғоз сарфига чеклов ва электромобилни қувватлашда субсидия: 1 майдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2026 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.

Қоғоз сарфи чекланади

2026 йил 1 майдан бошлаб кейинги 5 йил давомида давлат ташкилотларида қоғоз харажатлари камайтириб борилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги тегишли қарорида белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида:

  • келгуси 5 йилда харажатлар сметасини тузиш жараёнида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари миқдори ҳар йили 15 фоизга камайтирилган ҳолда режалаштирилади;
  • принтерлардан марказлашган ҳолда умумий фойдаланиш тизими жорий қилинади. Бунда умумий фойдаланишдаги очиқ офисда фаолият юритувчи ҳар 20 нафар ходим учун 1 дона принтер ажратилади;
  • ҳар ойда 1 маротаба «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилади.

2026 йил 1 июнга қадар ишлатилган қоғозларни йиғиш учун махсус чиқинди қутилари ташкил этилади ва уларни қайта ишлаш корхоналарига етказиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳар бир таркибий бўлинмадаги ходимлар сони, иш ҳажми ва ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қоғоз сарфи учун чеклов жорий қилинади.

Бундан ташқари, 1 майдан ҳар ойда бир маротаба «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилади. Ушбу кун давомида ходимларнинг ҳужжатларни тўлиқ электрон шаклда юритиши ташкил этилади.

1 майдан идоравий архивлардаги ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда уларни давлат архивига электрон шаклда топширишни йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.

Домофонсиз рухсат йўқ

2026 йил 1 майдан бошлаб янги қуриладиган кўп квартирали уйлар учун айрим талаблар қўйилмоқда. Бу давлат раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарорида қайд этилган.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 майдан янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг лойиҳа ҳужжатларида ҳар бир подъездга, лифтларга ва туташ ҳудудга кузатув камералари, шунингдек, кириш эшикларига домофон комплекслари ўрнатиш назарда тутилади:

Бунда:

  • ушбу объектлар лойиҳа ҳужжатларига киритилмаганда лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тақиқланади;
  • мазкур мулклар умумий мол-мулк ҳисобланади ва улар сақлаш учун белгиланган тартибда бошқарувчига топширилади ҳамда тегишли маълумот «Менинг уйим» АБТнинг «Турар жой» ахборот бўлимига киритилади.

Қурилиши тугалланган кўп квартирали уйни фойдаланишга қабул қилишда белгиланган тартибда расмийлаштирилган кадастр паспорти «Менинг уйим» АБТнинг «Турар жой» ахборот бўлимида автоматик равишда акс эттирилади. Кузатув камералари ва домофон ўрнатилмаган ҳолларда кўп квартирали уйни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

Шунингдек, кўп квартирали уйлардаги марказий электр тақсимловчи қурилмалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан (ҳисобидан) эксплуатация қилинади.

Марказлашган оқова сув тармоқларига уланмаган кўп квартирали уйларнинг оқова сувларини олиб чиқиб кетиш хизмати «Ўзсувтаъминот» АЖнинг тизим корхоналари томонидан режали тарзда, истеъмолчилар билан шартнома асосида ёки хизмат нархи ичимлик сув тарифига қўшилган ҳолда амалга оширилади.

«10 минг қадам пиёда» ташаббуси тикланади

2026 йил 25 мартда президентнинг «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга кўра, 1 майдан “10 минг қадам пиёда” ташаббуси қайта тикланади ва “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти йўлга қўйилади. Платформа учун ҳар йили Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан 10 млрд сўм ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 майдан бошлаб табиатни муҳофаза қилиш соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган ёшлар ҳамда экоаълочи мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида «Ёш эколог» кўкрак нишони таъсис этилади.

Кўкрак нишон қуйидаги даражаларда бўлади:

  • мактаб ўқувчилари ўртасида III даражали “Ёш эколог”;
  • техникум ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида II даражали “Ёш эколог”;
  • халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар ўртасида I даражали “Ёш эколог”.

Электромобилни қувватлашда субсидия берилади

Электромобилларни қувватлаш станцияларида 1 kWh электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Бундай тартиб 2026 йил 1 майдан бошлаб йўлга қўйилади.

Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган.

Шунингдек, қувватлаш станциялари учун сотиб олинадиган ер майдонларининг аукциондаги бошланғич нархи уларнинг бозор қийматидан 2 баробар арзон нархда белгиланади. Бу топшириқ ижроси ҳам 2026 йил 1 майдан бошланади.

Бошқа ўзгаришлар

2026 йил 1 майдан бошлаб:

  • муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларни, шунингдек, аскарларни ҳарбий қисмларда касбга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади;
  • Ҳисоб палатаси ҳудудларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўрганиб бориш бўйича ишчи гуруҳлар орқали ғолиб бўлган лойиҳаларни қонунчиликка асосан молиялаштириш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш жараёнлари устидан қатъий назорат ўрнатади ва ҳар йил якуни бўйича Президент администрациясига ахборот киритиб боради;
  • патентсиз илмий тадқиқот натижасида яратилган илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни (хизмат кўрсатишни) йўлга қўйган корхоналар 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача бўлган давр учун фойда солиғини белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди;
  • ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун”, “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади. Мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади;
  • Президент Виртуал қабулхонаси ахборот тизимида мурожаатларни қабул қилишда улар “шошилинч”, “одатий”, “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларига ажратиш амалиёти йўлга қўйилади, назоратга қайтарилган мурожаатлар 3 иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади;
  • алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар алоҳида йирик битимларни амалга ошириш, айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилади;
  • ҳар қандай даражадаги стандартлардан фойдаланишга ихтиёрий тус берилади, халқаро (минтақавий, хорижий) стандартларни республика ҳудудида қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилади ҳамда стандартларнинг расмий рўйхати миллий стандартлар даражасида шакллантирилади;
  • Умра тадбирига олиб бориш “Ҳаж ва Умра” ягона порталида мажбурий рўйхатга олиш орқали амалга оширилади. Зиёратчилар тўғрисидаги маълумотларни порталга киритмасдан ушбу тадбирларни амалга оширишга йўл қўйилмайди;
  • таълим кредитини олиш учун аризалар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Таълим кредити” ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали тақдим этилади;
  • товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади;
  • архив хизматларини кўрсатишда айрим ҳужжатларни талаб қилиш бекор этилади;
  • эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосида фаолият юритадиган “ақлли” миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади;
  • ногиронликни белгилаш (болаликдан ногиронлиги бўлган, I ва II гуруҳ ногиронлари) бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади;
  • барча турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади ҳамда фақат “Лицензия” ахборот тизими ёки Ягона портал орқали амалга оширилади. Бундан Марказий банк ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари мустасно.
Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид