Жаҳон | 20:30 / 22.10.2024
16637
7 дақиқада ўқилади

Россияда BRICS саммити бошланди – унинг иштирокчилари, мақсади ва режалари ҳақида

Қозонда BRICS саммити бошланди. Унда 36 та давлат ва 6 та халқаро ташкилот делегациялари иштирок этади. Украинадаги уруш бошланганидан буён жаҳон етакчиларининг Россиядаги энг йирик учрашувида Путин Ғарбга ўз мамлакати яккаланишдан йироқ эканини кўрсатмоқчи, деб ҳисобламоқда экспертлар.

Фото: AFP

22 октябр куни Қозон шаҳрида Россия раислигида BRICS саммити бошланади. Унда Бразилия президентидан ташқари гуруҳга кирган деярли барча давлат раҳбарлари қатнашади. Тадбирда, шунингдек, BRICS аъзоси бўлишга интилаётган, лекин ҳали кирмаган Россияга «дўстона» давлатлар раҳбарлари ҳам иштирок этади. Meduza саммит иштирокчилари, мақсади ва режалари ҳақида баён қилди.

Қозондаги саммит 2022 йил февралида Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россияда дунё етакчиларининг энг йирик учрашуви бўлади, деб ёзди CNN. Ғарб матбуоти Владимир Путин BRICS ташкилотига янги аъзоларни жалб қилишга интилаётгани ва шу тариқа Қўшма Штатлар билан унинг иттифоқчиларига ўз мамлакати ҳамон яккаланиб қолишдан йироқ эканини кўрсатмоқчи бўлаётганини таъкидламоқда. Бироқ, гуруҳ аъзоларининг ҳаммаси ҳам Ғарбга тўғридан-тўғри қаршилик кўрсатишга рози эмас ва экспертларнинг фикрига кўра, уларни Путиннинг қўллаб-қувватлашидан кўра кўпроқ Хитой иқтисодиётининг кучи жалб қилади.

Расмий равишда BRICS саммити Қозонда 22 октябрда очилди, бироқ расмий тадбирлар фақат эртаси куни бошланади. Владимир Путин BRICS аъзоларининг барча етакчилари билан алоҳида учрашув ўтказиш ниятида, шунингдек, уюшмага ҳали аъзо бўлмаганлар билан, хусусан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам алоҳида учрашмоқчи. Бундан ташқари, Путиннинг Фаластин, Сербия, Лаос, Мавритания, Боливия президентлари, шунингдек, БМТ Бош котиби ва Виетнам бош вазири билан учрашиши режалаштирилган.

Ҳозир 9 та давлат BRICS аъзоси ҳисобланади. Дастлаб, ташкилот Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка иштирокида тузилган (ва шунинг учун бу давлатларнинг бош ҳарфларидан иборат атамани олган). 2024 йил 1 январида яна тўртта давлат – Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия ташкилотга қўшилди. Гуруҳга Саудия Арабистони ҳам таклиф қилинган, бироқ у ҳали расман қўшилмаган (гарчи Кремл веб-сайтида у «аъзо» сифатида тақдим этилган бўлса ҳам).

Россия бу йил ташкилотга раислик қилмоқда. Владимир Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков сўзларига кўра, Қозондаги саммитда давлатлардан 36 та ва халқаро ташкилотлардан 6 та делегация иштирок этади. Гуруҳга аъзо мамлакатлар етакчиларидан фақатгина ўз қароргоҳида бошидан жароҳат олган Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва саммитда қатнашмайди.

The Economist нашрининг ёзишича, Путин учун ушбу саммитнинг асосий вазифаларидан бири - «жаҳон молиясидаги АҚШ ҳукмронлигига зарба бериш» ва «Россия ва унинг дўстларини санкциялардан ҳимоя қилиш» учун мўлжалланган BRICS Bridge деб номланган янги глобал молиявий ва тўлов тизимини қуриш.

Нашрнинг қайд этишича, ушбу тизим мамлакатларга ўз марказий банки томонидан бошқариладиган рақамли платформалар ёрдамида трансчегаравий ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини беради. Россия уни бир йил ичида қуришни режалаштирмоқда.

Бироқ, BRICS аъзоларининг ҳаммаси ҳам долларга қарамликни камайтириш ва доллар тизимидан чиқиш учун Россия каби рағбатларга эга эмас, деб таъкидлайди Bloomberg. Масалан, Ҳиндистон Хитой юанини муқобил захира валюта сифатида илгари суриш уринишларини рад этди. Reuters хабарига кўра, G7 мамлакатлари томонидан нарх чегараси жорий қилинганидан кейин Россия нефтининг асосий харидорлари бўлмиш Хитой ва Ҳиндистон ўртасида мураккаб муносабатлар мавжуд. Араб давлатлари ва Эрон ўртасида янги тизим бўйича ҳам келишмовчиликлар мавжуд.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, BRICS доирасидаги ҳамкорлик «ҳеч кимга ёки ҳеч нарсага қарши эмас - на долларга, на бошқа валюталарга». «Унинг асосий мақсади — ушбу форматда иштирок этаётган мамлакатлар манфаатларини таъминлаш», деди Песков.

Ташкилотни янада кенгайтириш масаласи ҳам мунозарали, деб ёзди Bloomberg. Бир қанча давлатлар, жумладан Малайзия, Венесуэла, Таиланд, Озарбойжон, Беларус ва бошқа ўнлаб давлатлар гуруҳга қўшилиш истагини билдирган. Сентябр ойида Туркия ҳам расмий ариза топширди. Bloomberg маълумотларига кўра, Туркия Европа Иттифоқига бўлган узоқ муддатли йўлида олдинга силжиш йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлган. Бироқ, Ҳиндистон ҳали ҳам янги аъзоларни қабул қилишга қарши ва овоз бериш ҳуқуқисиз «ҳамкор давлатлар» тоифасини жорий этишни қўллаб-қувватлайди. Чунки BRICS Хитой ва Россия ҳукмронлик қиладиган антиамерика ташкилотига айланишини истамайди. Бу позицияни Бразилия ва Жанубий Африка ҳам қўллаб-қувватламоқда. Жанубий Африка расмийлари, шунингдек, Нигерия ёки Марокашни иттифоққа таклиф қилиш орқали ўз мамлакати таъсирини сусайтиришга уринишларга қаршилик кўрсатишини айтмоқда.

The New York Times газетаси ёзганидек, Россия шунга қарамай, «Ғарб таъсири остида бўлмаган дунё тартибини шакллантирадиган» коалиция қуриш учун ташкилотга янги иштирокчиларни жалб қилишга умид боғламоқда. Берлиндаги Карнеги Евроосиё маркази директори Александр Габуев сўзларига кўра, Украинадаги уруш Путин учун эски дунё тартибини йўқ қилишнинг «найзаси» бўлди ва BRICS янги тартибни барпо этишда энг кучли тузилма ролини ўйнайди.

Бироқ, The Washington Post таъкидлаганидек, барча иштирокчилар Ғарбга сўзсиз қаршилик кўрсатишга тайёр эмас. Масалан, БАА, деб ёзди Bloomberg, BRICS ташкилотига аъзоликни глобал жанубнинг Ғарбга қаршилиги белгиси сифатида кўрсатишга уринишларни бутунлай рад этади - араб мамлакати АҚШ билан жуда яхши муносабатларга эга.

The Washington Post нашрининг экспертлар орасида ўтказган сўровига кўра, BRICS бошқа давлатларни Хитойнинг қудратли иқтисодиёти ва Ғарб билан муносабатлардаги муваффақиятсизликлар туфайли жалб қилмоқда, Владимир Путинни қўллаб-қувватлаш ёки унинг Ғарбга қарши риторикаси туфайли эмас.

Шунга қарамай, Путин, бир қанча нашрлар таъкидлаганидек, BRICS саммитини ўтказиш орқали Россия ҳали ҳам яккаланиб қолишдан йироқ эканини кўрсатмоқчи. Бундан ташқари, CNN ёзганидек, Путин ва Си Жинпинг айнан Ғарб ўзининг санкциялари ва иттифоқлари билан яккаланиб қолмоқда, «глобал кўпчилик» эса Россия ва Хитойнинг АҚШ раҳбариятига қарши чиқиш истагини қўллаб-қувватламоқда, деган фикрни билдирмоқчи.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид