Жаҳон | 14:05
769
3 дақиқада ўқилади

РФда Путин фигуралари сабаб немис ҳайкалтароши устидан суд кейинга қолдирилди

Россия адлия тизими Владимир Путин тасвири туширилган карнавал фигуралари ҳақидаги иш бўйича биринчи суд мажлисини 2026 йил 28 февралга қолдирди. Немис ҳайкалтароши Жак Тилли РФ армиясини “дискредитация қилиш”да айбланмоқда.

Фото: AP

Россия адлия органлари Владимир Путин тасвири туширилган карнавал фигуралари сабаб немис ҳайкалтароши Жак Тиллига қарши қўзғатилган жиноий иш бўйича илк суд мажлисини кейинга сурди. Ишни моҳиятан кўриб чиқиш 30 декабр, сешанба куни бошланиши керак эди, аммо очиқ эшитув 2026 йил 28 февралга кўчирилди. Бу ҳақда 30 декабр куни WDR телеканали хабар берди.

Айблов версиясига кўра, ҳайкалтарош Путин тасвири туширилган карнавал фигураларини яратиш орқали Россия армияси ҳақида “фейклар” тарқатган. Платформалардан бирида Россия президенти Украина байроғи рангларига бўялган қон тўла ваннада чўмилаётган қилиб тасвирланган. Бошқасида эса Путин томошабинлар олдида қамоқхона кийимида намоён бўлган.

Тергов даъво қилишича, Тиллининг ҳаракатлари сиёсий нафрат билан рағбатлантирилган. Россия қонунчилигига кўра, унга йирик жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таҳдид солиши мумкин.

Иш 15 декабр куни судга юборилган, дастлабки ёпиқ мажлис эса 24 декабр тонгида ўтган. Суд тафсилотларни ошкор қилмаяпти.

Германия ҳукумати Тиллига Россия билан яқин муносабатда бўлган ва, масалан, РФ билан экстрадиция келишувлари тузган давлатларга сафар қилмасликни тавсия этган. Бундай мамлакатлар қаторига айрим Африка давлатлари, жумладан Миср ҳам киради. Шу билан бирга, федерал ҳукумат эҳтиёт чораси сифатида сатирик карнавал фигуралари муаллифига ҳозирча Туркияга ҳам бормасликни маслаҳат берган.

Тилли аввалроқ суд жараёнида қатнашмаслигини ва адвокат ҳам тайинламаслигини айтган, чунки ўз сўзларига кўра, бу орқали у мазкур судга аҳамият бериб қўйишни истамайди.

DW'га берган интервюсида у шундай деган: “Мен ҳайрон қолдим ва аввал ишона олмадим. Бу ҳазил деб ўйладим, аммо бу ҳақиқат. Россияда сатира, эҳтимол, жуда жиддий қабул қилинади”. Ҳайкалтарош таъкидлашича, у ҳеч қачон Россия армиясини тасвирламаган, балки фақат Путинни масхара қилган. Шу билан бирга, унинг айтишича, ҳукмни интиқлик билан кутяпти.

Жак Тилли — немис ҳайкалтароши ва Дюсселдорфдаги “пушти душанба” деб аталадиган карнавал юришлари учун сатирик фигуралар муаллифи. Унинг ишлари мунтазам равишда халқаро эътиборни тортади, Путинга бағишланган фигуралар эса бир неча бор Германия ва жаҳон ОАВнинг биринчи саҳифаларида чиққан.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид