Ўзбекистон | 20:14 / 28.05.2026
11347
2 дақиқада ўқилади

Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимлари унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди

Президент Шавкат Мирзиёев маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тақдирланганлар орасида Ғиёс Бойтоев, Рустам Ғоипов, Матёқуб Матчонов, Раъно Ярашева, Толиб Мўминов, Муниса Ризаева, Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Эркин Аъзамов ва Зулфиқор Мусоқов бор.

Фото: Kun.uz

Фармонга кўра, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Ғиёс Бойтоев, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хонандаси Рустам Ғоипов, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси, киноактёр Матёқуб Матчонов ва Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Раъно Ярашева, Ички ишлар вазирлигининг маданият саройи бадиий раҳбари, актёр Учқун Тиллаев «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат филармониясининг Фарғона вилояти бўлинмаси хонандаси Отабек Мамазоитов, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Толиб Мўминов, «Халқлар дўстлиги» ансамбли эстрада хонандаси Хуршид Расулов, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хонандаси Муниса Ризаева ва Ўзбек Миллий академик драма театри бош режиссёри Асқар Холмўминов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланди.

Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Эркин Комилов, Ўзбек Миллий академик драма театри директори, актёр Ёдгор Саъдиев «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

«Тафаккур» журнали бош муҳаррири, ёзувчи Эркин Аъзамов, «Ўзбекфильм» киноконцерни» давлат муассасаси постановкачи режиссёри Зулфиқор Мусоқов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зебо Мирзаева «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланди.

Шунингдек, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларининг кўплаб вакиллари «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик», «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид