Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тез тиббий ёрдамни секинлаштираётган сунъий тўсиқлар олиб ташланади
Миндонобод қишлоғида Фарғона вилояти Кардиология маркази жойлашган, лекин шу қишлоқда бирор одам юрак хуружига учраса, тез ёрдам уни 15 км наридаги туман шифохонасига олиб боради. Худди шундай, Тошкентнинг Қорасув-1 мавзесида ўткир бош-мия жароҳати олган беморни тез ёрдам бригадаси энг яқин шифохона – Республика нейрохирургия марказига эмас, Чилонзордаги “16-горболница”га олиб боради. Бундай ҳолатларга чек қўядиган янги тизимга ўтилиши эълон қилинди.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда беморларга шошилинч тиббий ёрдам энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилади. Президент буни тизимдаги энг катта муаммо деб атади.
“Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани, “Қорасув-1” мавзесида “ўткир бош-мия жароҳати” олган беморни, тез ёрдам бригадаси йўлидаги энг яқин шифохона – Республика нейрохирургия марказига эмас, балки Чилонзордаги Республика шошилинч марказига олиб боришга мажбур.
Шу каби, Фарғона тумани Миндонобод қишлоғида вилоят Кардиология маркази бўлса-да, ушбу қишлоқдаги юрак хуружига учраган беморни тез ёрдам 15 километр йўл босиб, Водилда жойлашган туман шифохонасига олиб боради”, – деди Шавкат Мирзиёев 5 май кунги йиғилишда.
Президент соҳа олдида турган вазифаларни белгилаб берди:
- жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида “103” Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилади;
- туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона колл-марказ ташкил этилади;
- тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади;
- вилоят колл-марказлари тизимига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланади.
Туман даражасида шошилинч тиббий хизматни кенгайтириш мақсадида:
- туман ва шаҳар шифохоналаридаги терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида бир-бирини такрорлайдиган режали ва шошилинч бўлимлар бирлаштирилади;
- у ерда туну-кун ишлайдиган шошилинч ёрдам қабулхоналари ташкил этилади;
- Республика ихтисослашган марказларида шошилинч ёрдам кўрсатиш амалиёти жорий этилади.
Тиббиёт-маслаҳат бригадалари
Таъкидланишича, колл-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради. Тиббиёт-маслаҳат бригадаси тез ёрдам бригадаси етиб боргунига қадар уларни беморнинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туради, оила аъзоларига оғир аҳволдаги беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича телефон орқали маслаҳатлар беради.
Тез ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун 85 миллиард сўм ва Жаҳон банкидан жалб қилинган 5 миллион доллар йўналтирилади.
Вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказлари диагностика билан ҳам шуғулланади
Таъкидланишича, вилоят шошилинч ва 21 та туманлараро қўшма шикастланиш марказлари энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган бўлса-да, улар бошқа шифохоналарда даволанаётган беморларга диагностика хизматини кўрсатмаяпти.
Бундан буён бошқа шифохоналарда даволанаётган беморларга ушбу марказларда ҳам бепул юқори технологик текширув ўтказишга рухсат берилади.
Тошкентнинг Шайхонтоҳурдаги 1-сон, Яшнободдаги 4-сон, Юнусободдаги 7-сон ҳамда Учтепадаги Шаҳар тез ёрдам шифохоналарига туманлараро марказ мақоми берилади. Улар 34 турдаги юқори технологик тиббий жиҳозларни ўрнатишга мослаштирилади.
Мавзуга оид
15:20 / 29.12.2025
Тиббиёт ходимлари фарзандларига контрактнинг 30 фоиз қисми қоплаб берилади
10:44 / 27.12.2025
Қирғизистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади
22:57 / 23.12.2025
Тез ёрдамнинг етиб бориш вақти 3 баробар қисқарди – ССВ
17:35 / 13.12.2025