Ўзбекистон | 18:03 / 08.10.2025
14513
5 дақиқада ўқилади

Мубашшир Аҳмад 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Мубашшир Аҳмад сўнгги сўзида асосий 2 та айбловни рад қилди ва судьядан адолатли ҳукм чиқаришини сўради. Судья Бобур Раҳимов диний уламони тергов органи қўйган учала модда (диний мазмундаги материалларни тарқатиш, жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш ва миллий-этник адоват қўзғатиш) бўйича ҳам айбдор деб топди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсунов иши юзасидан сўнги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда суд мажлисида бевосита қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Судда дастлаб Мубашшир Аҳмаднинг ўзига сўнги сўз берилди. У фаолияти давомида ёшларнинг диний илмини ошириш мақсадида холис маълумотлар тарқатгани, нияти доим яхшилик бўлганини айтди.

У ўзига қўйилган айбловлар бўйича: диний материалларни диний қўмита рухсатисиз тарқатганини яна бир бор тасдиқлади ва буни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади. Қолган моддалар бўйича эса айбдор эмаслигини, бу терговда ҳам, суд мажлисларида ҳам ўз исботини топмаганини билдирди.

Шунингдек, Мубашшир Аҳмад судьядан ҳукм чиқаришда – 21 йилдан буён қанд касали билан оғриши, оилавий аҳволи, бошлаб қўйган кўплаб илмий фаолият ва таржима билан боғлиқ ишлари борлигини ҳисобга олишни ҳамда адолатли ҳукм чиқаришини сўради.

Шундан сўнг, судья Бобур Раҳимов маслаҳат учун хонага кирди. 1 соатдан кўпроқ муддатдан сўнг маслаҳатдан чиққан судья диний уламога тергов органлари қўйган учта модда бўйича айбловнинг барчасини асосли деб топди. Хусусан, Мубашшир Аҳмадга:

  • ЖКнинг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш,
  • ЖКнинг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш,
  • ЖКнинг 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 6 ойлик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Жазоларни қўшиш йўли билан, судланувчи узил-кесил 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди ва 2025 йил 11 майдан бошлаб ҳисобланиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан уламога тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ўчирилиши ёки блокланиши белгиланди.

Мажлис якунида судья — ҳукм чиқаришда енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, тегишли моддаларнинг санкциясида кўрсатилганидан ҳам камроқ муддатлар белгилаганини таъкидлаб ўтди.

Томонларга суд ҳукмидан норози бўлса, 10 кун ичида апеллация тартибида, ҳукм кучга киргач кассация тартибида юқори турувчи судга шикоят қилиши мумкинлиги тушунтирилди. Суд мажлиси, давлат айбловчиси – прокурор Эркин Нарзуллаев келмади.

Kun.uz билан гаплашган адвокатлар жамоасига кўра, суд ҳукмидан шикоят бериш масаласи диний уламонинг ўзи билан алоҳида муҳокама қилинади ва эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни бўлиб ўтган тўртинчи суд мажлисида давлат қораловчиси — Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан Мубашшир Аҳмадни Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор, деб топишни сўраганди. Хусусан, прокурор Мубашшир Аҳмадга «ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўраган.

Адвокатлар гуруҳи эса Алишер Турсуновдан 2 та модда бўйича айбловларини олиб ташлашни, яна биттасини бекор қилишни сўраган.

Суд мажлислари жамоатчилик учун очиқ ўтди. Лекин прокурорнинг илтимосига асосан мажлисда аудио ва фото-видеоларни ёзиб олишни тақиқланди. Шу сабабли ОАВлар суд жараёнини тўлиқ видео ва фото тасвирларда олиб, ёрита олмади.

51 ёшли уламо – ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти фаолларидан бири. У Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

Мубашшир Аҳмад бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилаётган эди. 2025 йил 8 май куни Истанбулда қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга олиб келинган.

Мавзуга оид