Асл дўстлик ва биродарлик мана шундай бўлади – Алиев Қозоғистонга миннатдорлик билдирди
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев AZAL самолётининг Оқтовдаги ҳалокати оқибатларини бартараф қилишда, жабрланганларни қутқаришда кўрсатилган ёрдам учун Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Озарбойжон телевидениесига Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокати бўйича берган интервюсида Қозоғистонга миннатдорлик билдирди.
«Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга миннатдорлик билдириш учун қўнғироқ қилдим. Чунки ҳодиса содир бўлиши биланоқ қозоғистонлик қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, самолёт фюзеляжидан одамларни олиб чиқишга киришганини билдик. Улар ҳаётини хавф остига қўйишди. Чунки улар яна портлаш бўладими ёки йўқми, билишмасди. Чунки самолётнинг бир қисми ёнаётганди ва бу қисми ҳам ёниб кетиши мумкин эди. Аммо, шунга қарамай, улар ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатдилар. Айни пайтда тиббиёт ходимларининг фаолияти ҳам жуда қадрли бўлди. Чунки жароҳатланган йўловчилар зудлик билан тиббий марказларга етказилди ва бунинг учун президент Тўқаевга ўз миннатдорлигимни билдирдим», деди Алиев.
Озарбойжон раҳбари қозоғистонликларнинг фожиага билдирган муносабатларидан таъсирланганини айтиб, бу ҳақиқий дўстлик ва биродарлик эканини айтди.
«Қозоқ қардошларимиз бирдамлигининг намоён бўлиши Озарбойжон халқи қалбида катта из қолдирганини биламан. Оддий фуқаролар Оқтовдаги консуллигимизга келиб, гул қўйишди, ўз ҳис-туйғуларини изҳор қилишди, биз билан бирдамлик изҳор қилишди. Ҳақиқий дўстлик ва биродарлик мана шундай бўлади», деди Алиев.
Илҳом Алиев авиаҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича халқаро экспертиза тергови зарурлигини, Қозоғистон тарафи буни қабул қилганини таъкидлади.
«Президент Тўқаев билан суҳбат чоғида мен Озарбойжоннинг тергов бўйича позициясини ҳам баён қилдим ва биз халқаро экспертиза тарафдори эканимизни, буни МДҲ Давлатлараро авиация қўмитаси ихтиёрига қўйиб бўлмаслигини айтдим. Бу позициямиз тушуниш билан кутиб олинди. Табиийки, давлат идораларимиз вакиллари, комиссия аъзолари ва раҳбарлари, прокуратура вакиллари доимий алоқада бўлиб турибди. Қозоғистон ўз навбатида Давлат комиссиясини тузди ва бу ҳақда президент Тўқаев менга айтиб берди. Табиийки, улар ҳам масалани батафсил очиб беришни хоҳлашади ва ҳаракат қилишади», деди Алиев.
Озарбойжон президенти бу ҳодисадан кейин икки давлат ўртасидаги дўстлик ва биродарлик янада мустаҳкамланишини айтди.
«Шу билан бирга, мен ҳам президент Тўқаевга ҳамдардлик билдирдим, чунки авиаҳалокатда олти нафар Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлди. У ҳам менга ҳамдардлик билдирди. Яъни, бу воқеа қанчалик жиддий бўлмасин, бу яна синов масаласи ҳам эди. Яъни, бу синовдан ким ва қандай ўтади? Бу фожиага қарамай, Қозоғистонда ҳам шундай фикр борлигини кўриб турибман ва бундан хурсандман. Бу оғир вазиятдан кейин дўстлигимиз, биродарлигимиз янада мустаҳкамланди», деди Алиев.
Илҳом Алиев Озарбойжон телевидениесига берган интервюсида ҳалокат сабабларининг дастлабки версиялари самолётга Россия ҳудудида «ташқи таъсир бўлганини» кўрсатганини, шикастланган самолёт нега Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига парвоз қилгани ҳақидаги фикрларини, Боку Москвадан «кечирим сўрашни, айбига иқрор бўлишни, айбдорларни жазолаб, товон тўлашни» талаб қилганини ҳам айтган эди.
Мавзуга оид
19:24 / 03.01.2025
«Сиёсий андишаси билан ажралиб турмаган» — Тўқаев Назарбоев ҳақида
16:46 / 03.01.2025
Қозоғистонда юзлаб автомобиллар иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди
16:27 / 03.01.2025
Тўқаев: Давлат раҳбари – ёлланма давлат бошқарувчиси, «Тангрининг сояси» эмас
18:09 / 01.01.2025