Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Озарбойжон телевидениесига Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокати бўйича интервю берди. Давлат раҳбарининг сўзлари Боку аэропортида, Embraer 190 самолёти фонида ёзиб олинди, айнан шу турдаги самолёт ҳалокатга учраган эди.
Илҳом Алиев сўзларига кўра, ҳалокат сабабларининг дастлабки версиялари самолётга Россия ҳудудида «ташқи таъсир бўлганини» кўрсатмоқда.
«Албатта, якуний версия «қора қутилар» очилгандан сўнг маълум бўлади. Аммо дастлабки версиялар ҳам етарли далиллар ва фактларга асосланган. Фактлар шундан иборатки, Озарбойжон фуқаролик самолёти Россия ҳудудида, Грозний шаҳри яқинида ташқаридан шикастланган ва деярли бошқарувни йўқотган», деди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, самолёт «радиоэлектрон кураш воситалари билан бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилди», бу эса «авиалайнерга етказилган биринчи зарар» эди. Кейин ердан ўт очилиши оқибатида самолётнинг дум қисми жиддий шикастланди. Самолётнинг қушлар галаси билан тўқнашуви ҳақидаги версия эса, фюзеляж илма-тешик бўлгани сабабли кун тартибидан бутунлай олиб ташланди, деб қўшимча қилди Алиев.
«Эҳтимол, зарба пайтида учувчи буни самолёт билан қушлар галасининг тўқнашуви сифатида қабул қилган бўлиши мумкин. Чунки дўстона мамлакатда самолётимизга ердан ўқ узилишини ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Афсуски, Россиядаги баъзи доиралар ушбу версияни қўллаб-қувватлашни афзал кўрди. Бизни хафа қилган ва ҳайратга солган нарсалардан бири Россия расмий тузилмалари қандайдир газ баллонининг портлаши ҳақидаги версиялар ҳам илгари сургани бўлди. Яъни, бу Россия томони масалани «бости-бости» қилмоқчи бўлганини очиқ кўрсатди ва бу, албатта, ҳеч кимга шараф келтирмайди», деди президент.
Унинг таъкидлашича, «самолёт атайлаб уриб туширилмагани аниқ», лекин Россия томони воқеадаги айбини зудлик билан тан олиб, Озарбойжондан кечирим сўраши керак эди. «Афсуски, дастлабки уч кун давомида биз Россиядан уйдирма версиялардан бошқа ҳеч нарса эшитмадик», деб хулоса қилди Алиев.
Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Россия бу ҳодисани Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан тергов қилинишини таклиф этган. Аммо Озарбойжон буни рад қилган.
«Россия томони бизга бу масалани Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан ўрганилишини расман таклиф қилди. Биз буни қатъиян рад этдик. Сабаби аниқ. Чунки бу идора асосан Россия амалдорларидан иборат бўлиб, қўмитага Россия фуқаролари раҳбарлик қилиши ҳеч кимга сир эмас. Бу ерда объективлик омиллари тўлиқ қондирилмаслиги мумкин. Агар биз Россиянинг авариядан сўнг дарҳол адолатли ва адекват қадамларини кўрганимизда, балки эътироз билдирмаган бўлардик. Лекин биз бу масалани яширишга яққол уринишлар борлигини кўрдик. Шунинг учун биз Қозоғистон томони билан яқин алоқада бу позициямизни билдирдик, шунингдек, Россия томонига халқаро экспертлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиши кераклигини маълум қилдик», деди Алиев.
















