Ўзбекистон | 16:03 / 04.12.2025
4764
4 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ 

Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг беш республикаси учун “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида жами 12 млрд евро ажратмоқда. Европа Иттифоқи комиссарлари Ёзеф Сикела ва Марта Кослар ўтган ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюриб, бу инвестиция пакетига нималар киришини муҳокама қилди. Асосий маблағ Транс-Каспий коридори қурилиши ва инфратузилма харажатларига йўналтирилади.

Евроиттифоқ бош офисига кўра, бу маблағлар 4 та йўналишга бўлиб берилади. Булар – аввало транспорт, рақамли боғлиқлик, критик минерал ресурслар, сув-энергия ва Марказий Осиёдаги иқлим масалалари. Маълум бўлишича, умумий сумманинг энг кўпи транспорт, аниқроғи ўрта коридор учун мўлжалланган. Бу қарийб 10 млрд евро. Европа ва Марказий Осиёни 15 кунда бир-бирига боғлайдиган Транс-Каспий савдо коридори Тошкентдаги муҳокамаларнинг ҳам асосий мавзуси бўлди. 

Яна бир асосий йўналиш бу – стратегик минерал ресурслар. Бугун Марказий Осиё дунёнинг қайси гигант давлатлари билан гаплашмасин, бу мавзу ҳам кун тартибида. Минтақа нодир металлар ва минерал ресурсларга бой экан, энергетик инқироз кучайган давлатлар учун бу муҳим йўналишга айланмоқда. 

-Сиз ҳозиргина 4 та асосий йўналишни санаб ўтдингиз, менинг саволим шундан иборатки, нега Европа бу қадар Марказий Осиёдаги нодир минерал ресурслар билан қизиқмоқда. Бу борада минтақадан энг катта ҳамкор ким? 

Европа мустақиллигини таъминлашда Марказий Осиёнинг роли жуда муҳим ўрин тутади. Бу энергетикага тааллуқли. Шундай экан, биз учун ўзаро боғлиқлик дастури нафақат савдо, транспорт, энергетика ва рақамлаштиришни ривожлантиришдан иборат. Бу аввал айтганимдек, ишончга асосланган янги шериклик алоқаларини ўрнатишни ҳам англатади. Лекин бунга бир кунда эришиб бўлмайди, шунинг учун биз уни очиқлик ва шаффофлик асосида қуришимиз керак ва мен ушбу лойиҳада айнан шуни ҳис қиляпман. Аниқ мисолларни комиссар Ёзеф айтади” – Марта Кос, Европа Иттифоқи комиссари.

“Хўш, мен масалага бироз бошқачароқ ёндашмоқчиман. Мен доим айтганман, агар ерни сотсангиз, ундан келажакда фойдаланиш имкониятидан воз кечган бўласиз. Агар хомашёни сотсангиз, унга қўшимча қиймат яратиш имкониятидан воз кечасиз. Шу боис, биз Европада шунга қатъий ишонамизки, агар сиз фақат кон ва порт ўртасида йўл қурсангиз, ўша мамлакатга ёрдам берган бўлмайсиз. Сиз ўзингизга ёрдам берган бўласиз ва мамлакатни талайсиз холос. Шундай экан, биз ўзаро манфаатларга асосланган шериклик, барқарор ривожланиш ва инсонларга сармоя киритишга таянган тенг ҳуқуқли ҳамкорлик - бойликни адолатлироқ тақсимлаш йўли эканига қатъий ишонамиз. Шундай экан, биз стратегик хомашёга инвестициялар ҳақида гапирганда, экологик тоза, жуда қатъий Европа стандартларини назарда тутамиз. Биз шу ерда қайта ишлаш, шу ерда қўшимча қиймат яратиш ҳақида, шунингдек, баҳам кўриш, Европа бозорларига чиқиш ва асосан, янада адолатли савдо ҳамда камроқ савдо тўсиқлари ҳақида гапиряпмиз. Аниқ мисол келтирадиган бўлсам, мен президентга, масалан, Германия ҳукумати келажакда стратегик хомашё бўйича асосий марказ бўладиган Олмалиқ учун молиялаштириш йўналишини очишга сиёсий розилик берилганини мамнуният билан етказдим” – Ёзеф Сикела, Европа Иттифоқи комиссари.

Эслатиб ўтамиз, “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида рақамли боғлиқлик ва тезкор интернет учун 55 миллион евро, сув, иқлим ва энергия ресурслари бўйича яшил лойиҳаларни молиялашга 800 миллион евро ажратилиши маълум қилинган. 

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид